ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманидаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг 200 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Сўнгги пайтларда бу ерда тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича сезиларли ишлар қилинмоқда.
МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Амандиқ Бисенгалиевнинг таъкидлашича, шу йилнинг биринчи ярмида 48 нафар фуқаронинг мурожаати асосида деҳқончилик, ишлаб чиқариш, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиши учун уларга банклар томонидан 880 миллион 700 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилишига эришилди.
– Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан банкдан 11 ярим миллион сўм кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятимни бошладим, – дейди “Дўстлик” МФЙда яшовчи Бўтакўз Дониёрова. – Ҳозирда тўй ва базмларга буюртма бўйича торт маҳсулоти ҳамда ширинликларни тайёрлаб бермоқдамиз. Маҳсулотларимизга талаб тобора ошиб боряпти.
Шу маҳалладан Қувонч Худойберганов ҳам шу йил бошида пластик ромлар ишлаб чиқариш цехини ташкил қилган эди. Бугунги кунда бу цехда уч киши муқим даромад манбаига эга. Цех маҳсулотларига аҳолидан кўплаб буюртмалар келиб тушаётгани боис уларнинг қўли-қўли тегмайди. Даромад ҳам шунга яраша – салмоғи тобора ошиб бормоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА