Бугун пойтахтимизда бўлиб ўтган тадбир айнан ушбу компания фаолияти тақдимотига бағишланди.
Унда қайд этилишича, 2023 йил май ойида Самарқанд шаҳрида фаолиятини бошлаган «Rocket DMC Uzbekistan» компанияси туристик Ўзбекистонни дунё миқёсида янада танитиш ва сайёҳлар учун шароитларни қулайроқ қилиш каби мақсадларни ўз олдига қўйган. Бу каби эзгу ишларда «Silkroad Samarkand Resort» компанияси маҳаллий ҳамкор ҳисобланади.
Компания бош директории Негина Мухторованинг маълумот беришича, компания штаб-квартираси Дубайда жойлашган Rocket DMC халқаро тармоғининг аъзоси бўлиб, Миср, Туркия, Тунис, Испания ва бошқа муҳим туристик бозорларида ишлайди.
– “Rocket DMC Uzbekistan” туризм инфратузилмаси, маҳсулотлар, хизматлар ва инсон ресурсларини ривожлантиришга инвестиция қилишни режалаштирмоқда. Бизнинг жамоамиз йўналтирилган ҳар бир бошланғич бозор учун мукаммал сайёҳлик маҳсулотини яратишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, компания катта ижодий тажриба билан бир қаторда бошқа имкониятларга ҳам эга. Турли тоифадаги мижозларнинг эҳтиёжларини қондириш учун ўнлаб туристик автобуслар ва турли хил автомобилларни ўз ичига олган катта транспорт воситалари парки шулар жумласидандир. Эътиборлиси, биз Ўзбекистон туризм бозорининг жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу давлат томонидан соҳанинг қўллаб-қувватланиши ва унга мамлакат учун устувор саноат мақомининг берилиши туфайлидир. Шу билан бирга, Ўзбекистон дунёга ноёб тажрибани тақдим этиш ва келгусида энг тез ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бирига айланиш учун катта салоҳиятга эга, –деди Н.Мухторова.
Қайд этиш керакки, “Rocket DMC Uzbekistan” компанияси энг эътиборга лойиқ саёҳат турларини ишлаб чиқиш ва таклиф қилишни мақсад қилган. Компания Европа, Хитой, узоқ Шарқий Осиё, Форс кўрфази мамлакатлари ва Ҳиндистондан сайёҳларни жалб қилиш, шунингдек, МДҲ мамлакатларидан сайёҳлик трафиги ҳажмининг ортишига ҳам хизмат қилади.
“Rocket DMC Uzbekistan” компаниясининг ижрочи директори Халед Жуни Ўзбекистоннинг катта туризм салоҳияти жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши ва мазкур компания ўз хизмати билан соҳа ривожига ҳисса қўшишни қайд этди.
– Ўзбекистонда чет эллик сайёҳларни, корпоратив ва MICE-бизнесни жалб қилиш учун яратилган имкониятлардан ҳайратда қолдим. Ушбу босқичда ривожланишнинг муҳим омилларидан бири бу авиақатновни кўпайтириш орқали йўналиш фаолиятини такомиллаштиришдир. Бизнинг жамоамиз давлат ишчиларидан тортиб хусусий инвесторларгача бўлган барча манфаатдор томонлар билан парвозлар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг частотасини ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Жамоамиз аниқ бир мақсадга эга бўлди ва илҳомланди. Технологик ёндашув ёрдамида биргаликда биз Ўзбекистонда 24/7 тартибда дунё бўйлаб саёҳат хизматларини тақдим этишга ва меҳмонларимизга энг юқори даражада хизмат кўрсатишга интиламиз. Шунингдек, биз“Rocket International DMC” ҳамкорлик тармоғидан унумли фойдаланиб, Ўзбекистоннинг дунё миқёсида тан олиниши в аунинг туристик салоҳиятини оширишни режалаштирмоқдамиз, – деди Халед Жуни.
Компаниянинг таҳлилига кўра, келгуси икки йил ичида Ўзбекистон яна камида 2 миллион чет эллик сайёҳларни жалб қилиши ва уларнинг мамлакатда бўлиши икки бараварга кўпайиши мумкин. Компания ўз миссиясини шаффофлик, қулайлик, меҳмондўстлик, хизмат кўрсатишнинг бенуқсон сифати, меҳмонхона меҳмонлари учун IT-тизимнинг самарали ечимлари ва саёҳатчилар учун эксклюзив тажрибалар каби асосий қадриятларга асосланган ҳолда, қизиқарли саёҳат лойиҳаларини тақдим этишда кўради.
Тадбирда “Rocket DMC Uzbekistan” компанияси Самарқанддаги бош офисидан ташқари Тошкентда ҳам ҳудудий ваколатхоналарини очгани ва кузгача Бухорода ҳам ўз тармоқларини очишни режалаштираётгани ҳақида маълумот берилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА