Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ишлаб чиқилди. Охирги 2,5 йил мобайнида тижорат банклари ва Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан 496 минг нафар хотин-қизга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 9,7 триллион сўм кредитлар ажратилди. 108 минг нафардан зиёд хотин-қизга асбоб-ускуналар учун субсидия ажратилди. Хусусан, 2022 йилда бу мақсад учун 39,9 мингдан зиёд хотин-қизларга 164 миллиард сўмга яқин, 2023 йил 5 ойида 16 минг 165 нафарига 66,1 миллиард сўм субсидия ажратилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистонда тадбиркор аёллар улуши 37 фоизни ташкил этмоқда.
“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро ҳафталик доирасида Тадбиркор аёллар бизнес-форуми ўтказилди. Унда хорижий ва маҳаллий тадбиркор аёллар, мутахассис ва экспертлар иштирок этди. Форум давомида халқаро эътирофга эга бўлган ўзбек брендларининг модалар намойиши бўлиб ўтди.
Хорижлик мутахассислар Ўзбекистонда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, зўравонликка қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этдилар.
Форумда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳам сўзга чиқиб, юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди:
— Ўз меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўрганиш иштиёқида бўлган 304 минг 891 нафар хотин-қизлар “Ишга марҳамат” мономарказларида, касб-ҳунар мактабларида меҳнат бозори талаб этаётган касб-ҳунарга ўқитилди. Охирги 2,5 йил давомида 473 минг 659 нафар хотин-қизлар доимий иш ўринларига жойлаштирилди. 230 мингдан ортиқ хотин-қизлар жамоат ишларига жалб этилди. Бугунги кунда 14 минг 693 нафар хотин-қизлар “Ҳунарманд” уюшмасига аъзоликка жалб этилган бўлиб, уларга 21 минг 879 нафар шогирд бириктирилган. Мақсадимиз — тадбиркор аёлларимизни мамлакатимизга яратилган тизим ёрдамида тўлиқ қўллаб-қувватлашдан иборат, — деди З.Маҳкамова.
Муҳтарама Комилова, ЎзА