2023 йил 14 июнда қабул қилинган «Фаол ишбилармонлик муҳитини шакллантиришни янада рағбатлантириш, солиқ мажбуриятини бажаришда аҳоли томонидан ортиқча харажатларга йўл қўймаслик ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 192-сонли Президент қарорига кўра, жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғига ҳисобланган пеня суммалари ҳисобдан чиқарилиши белгиланди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 июлгача иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлар томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилади:

-ҳар бир 5 сотих ер майдони учун ойига камида 1 нафар ишчининг бандлигини таъминлаш;

-ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган (980 минг сўм) миқдорда белгилаш;

-иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиши.

Батафсил:

М.Турдалиева, А.Содиқов ЎзА