Охирги пайтларда кўпчилик вақтнинг жуда тез ўтаётганлигидан нолийдиган бўлиб қолди. Кунлар ва ойлар бир-бирини шамолдек қувиб, шиддат билан ўтиб бормоқдаки, натижада бизнинг имкониятларимиз ҳам чегараланиб бораётгандек гўё. Жаҳонда юз бераётган иқлим ўзгаришлари ва уларнинг аянчли оқибатларини кузатар экансиз, беихтиёр бугунги кунда бот-бот жаранглаётган “қиёмат-қойим”, “майялар тақвими” сингари атамалар эътиборингизни тортиши шубҳасиз. Демак, ВАҚТ билан боғлиқ нимадир содир бўлмоқда. Хўш нима экан у?
Вақтнинг тез ўтаётганлиги ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, беихтиёр инглиз ёзувчиси Герберт Уэллс фантастикасига мурожаат қиламиз. Унинг башоратлари қайсидир маьнода ўз тасдиғини топмоқда. Масалан, олмосларни суньий тарзда тайёрлаш, океан чуқурликларини ўрганиш учун батискафларнинг кашф этилиши, ваҳоказо… Агарда биз ёзувчининг “Энг янги тезлатгич” ҳикоясини эсга олсак, профессор Герберн ажойиб бир эликцирни ихтиро қилади. Унинг ёрдамида муайян бир инсон учун вақтни ўзгартириш мумкин бўлади. Малҳамни ичган одам организмида барча табиий жараёнлар 100 марта тезлашади ва у бир сонияда оддий ҳаётида бир неча дақиқаларда ҳам бажара олмайдиган ишларни қилишга улгуради. Бунда бутун борлиқ гўё қотиб қолади, ҳатто асаларилар ҳам шиллиққурт каби секин ҳаракатланадилар. Буни илмий тилда “гипер лаҳза” дейишимиз мумкин бўлади.
Эҳтимол, вақтнинг ўзи ҳам доимийлигига қарамай, “ихчамлашар”. Вақтнинг ўзгарувчанлиги ҳақида машҳур физик олим Виктор Вейник ўзига хос тушунтиришлар берганди. Академик Вейник вақтнинг ҳам худди физик ҳодиса сифатида моддий ташувчиси – ўзига хос моддаси бор, деган қизиқ бир илмий гипотезани илгари сурган эди. Вейник бу моддани “хронал майдон” деб атаган. Олим томонидан амалга оширилган илмий тажрибалар жараёнида тадқиқот учун мўлжалланган электрон қурилмаларга жойлаштирилган қўл соатлари ўз юришини тезлаштириши ва аксинча, секинлаштириши мумкин бўлган. Вақт моддаси билан ўтказилган тажрибалардан келиб чиқиб, Вейник ер куррасининг вақт майдони мавжуд, деган хулосага келди. Бу майдонни олим шартли равишда “хроносфера” деб атаб, у ўтмишдан келажакка ўтишни бошқаради деганди.
Ҳаёт жараёни юқори тезликда кечган қадим замонларда сайёрамизда ҳаёт гўё “қайнаган”. Динозаврлар кўп қаватли бинодек улкан, ўт-ўланлар эса дарахтлар мисол катта, ибтидоий одамлар ҳам жуда бақувват, йирик жуссали бўлишган. Жангу-жадал даврлари ортда қолиб, ҳаёт тобора заифлаша бошлади, ҳайвонот ва наботат олами ўлчамларда кескин кичрайиб борди. Хуллас, ер шари кексайди. Эндиликда барча жараёнларнинг давомийлиги минг марта пасайган, биз эса ҳатто кўз ўнгимизда кузатилаётган вақт секинлашувини ҳам ҳис қилиш имконига эгамиз.
Дарвоқе, ҳозирда ҳам ер юзида юқори даражали хроналга эга маконлар мавжуд. Масалан, Сахалин ороли. Бу ерда ўсадиган ўсимликлар ўлчамининг катталиги билан кишини лол қолдиради. Бир пайтлари француз олимлари бу улкан ўсимликларни ўз ерларига олиб бориб ўстиришга уринган эдилар. Бироқ натижаси улар кутгандек бўлмади. Орадан бир йил ўтиб, кўчириб ўтқазилган ўсимликлар оддий ўсимликлардан фарқ қилмай қўйди.
Афсуски, биз сайёрамизни ўзимиз яшайдиган макон сифатида қабул қилмаймиз ва умумий уйимиз билан жуда ёмон муносабатда бўламиз. Замонавий инсоннинг онги суньий тарзда сиқилган ва фақат тор истиқомат жойигагина боғланган. У сайёрамиз билан нималар содир бўлаётгани билан умуман қизиқмайди, гўё бунинг унга даҳли йўқдек. Қанчалик қайғули бўлмасин, тан олиш керакки, цунами, сув тўфонлари, вулқонларнинг отилиши, ер силкиниши каби табиий офатлар инсониятнинг атроф-муҳитга зуғуми натижаси ўлароқ содир бўлмоқда. Башариятнинг бу улкан хатосига табиат ҳам қайсидир даражада ўч олмоқда.
Ер юзидаги барча нарсанинг охири фақат худонинг қўлидадир, ундан бошқа бу куннинг қачон келишини ҳеч ким билмайди. Бутун сайёра тақдири ҳақида бош қотиришга эса ҳожат йўқ, яхшиси, ўзингиз, ўз ҳаётингиз ва зиммангизга юклатилган вазифангиз ҳақида ўйлаб кўринг. Узунми ё қисқами ҳаёт йўлини босиб ўтишдан қатьий назар, ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб беришига тўғри келади.
Яратганнинг ижоди бўлмиш инсоният унинг қонун-қоидаларига бўйсунмаса, амал қилишдан бош тортса, йўқликка юз тутиши муқаррар…
Интернет материаллари асосида Ў.Алимов тайёрлади.
Видеомуҳандис Н.Абдувоитов,
ЎзА