Париж полицияси якшанбага ўтар кечаси тартибсизликда иштирок этган 80 кишини қўлга олди. Франциянинг Нант шаҳри четида 27 июнь куни полиция талабига бўйсинмаган 17 ёшли ҳайдовчи Ноиль Мерзук отиб ўлдирилгандан сўнг мамлакатни норозилик акцияси қамраб олди. Бу ҳақда “BFM” телеканали хабар тарқатди.
Кеча Мерзукнинг дафн маросими ҳам бўлиб ўтди. Матбуот учун ёпиқ видолашув маросимида юзлаб одамлар қатнашди.
Қайд этилишича, шанба куни кечқурун мамлакатнинг турли шаҳар, вилоятларида жамоат транспорти ҳаракати чекланди. Намойишнинг тўртинчи куни Марселда 55, Ниццада 32, жами 1 300 киши ҳибсга олинган.
Адлия вазири Эрик Дюпон-Моретти баёнотига кўра, қўлга туширилганларнинг учдан бири балоғатга етмаганлар. Вазир ота-оналарни фарзанди учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Мамлакат бўйлаб ўнта савдо маркази, 200 дан зиёд супермаркет, юзлаб тамаки дўкони, ташкилот, муассасалар талон-тарож қилингани айтилмоқда. Ўнлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими яраланган.
Франция Президенти Эммануэль Макрон 3 июлга режалаштирилган Германия сафарини қолдирди.