Кейинги йилларда бориш қийин бўлган ва олис ҳудудларда мобил алоқа ҳамда мобил Интернет қамровини кенгайтириш, кўрсатилаётган алоқа хизматларининг сифатини ошириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳоли масканларини оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олиш 81 фоизга, мобил Интернет қамрови эса 98 фоизга етказилган.
“Радиочастота спектри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун билан халқаро илғор тажрибаларни инобатга олган ҳолда радиочастота спектридан биргаликда фойдаланиш тартиби жорий қилинмоқда.
Бу Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси йиғилишида қайд этилди.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилинадиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш асносида қонуннинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
Жумладан, радиочастота полосаларидан фойдаланувчиларга биргаликда ишлашига рухсат берилади. Бу жараён улар ўртасида радиочастота органининг тегишли рухсатномаси асосида шартнома тузиш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда.
Бунда рухсатнома радиочастота спектри бўйича давлат бошқаруви органи томонидан белгиланадиган радиочастоталар полосаларига биноан берилиши назарда тутилмоқда.
Қонун билан соҳада фаолият юритадиган субъектлар учун лицензиялаш ва рухсат бериш тартиби соддалаштирилиб, унга кўра, лойиҳалаш илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказишда тегишли давлат органидан рухсатнома олиш талаб қилинмаслиги белгиланяпти.
Қўмита аъзолари ушбу қонун қабул қилиниши билан радиочастота спектридан янада самарали фойдаланиш, телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш, шунингдек, аҳолини сифатли телекоммуникация хизматлари билан таъминлашга эришилишини таъкидлади.
Н.Абдураимова, ЎзА