Ҳақиқий шеъриятни чаманзорга, гулистонга қиёслаш мумкин. Гулзор бетакрор ифори билан ён-атрофни хушбўйларга буркаганидек юксак дид билан яратилган шеър ҳам неча-неча дилларга ана шундай хушбўйларни етаклаб киради. Шу сабаб бўлса керакки, гулзор ошуфтаси бўлмиш булбул бундан сармаст бўлиб, берилиб куйлашга тушади. Унинг ҳар хонишидан ишқ ва муҳаббат оҳангларини туя бошлайсиз. Бу оҳанглар Ватанга, элга муҳаббат ва шу заминга садоқат туйғулари билан уйғунлашиб кетганлиги боис улардан ўзгача роҳат оласиз.
Ҳар сафар Қорақалпоғистон халқ шоири, сенатор Гулистон Матёқубова (Аннақиличева)нинг шеърларини, мағзи тўқ достонларини, гўзал эсселарини, ҳикоялари ва бадиаларини мутолаа қилганимда, ўзимни беихтиёр шу адабиёт бўстонида кезаётгандек, бу боғдаги ҳар бир гулдан баҳра олаётгандек ҳис этаман ўзимни.
Ҳамон ёдимда, бундан кўп йиллар бурун хизмат сафари билан йўлимиз Қорақалпоқ заминига тушганди. Гулистонни ўшанда илк бора кўргандим. Қамсуқим, камтарин, аммо кўз ва сўзларидан ўт чақнаб турган ёшгина шоира қиз берилиб шеър ўқиди. У шеър ўқиркан нафис гулларнинг хушбўй ифори димоққа келиб ўрилгандек бўлди. Шоира шеърининг майин атри бошқалар қаторида мени беихтиёр ўзига асир этди ва қалбимизга ёруғлик олиб кирди. Шундан буён Гулистон шеърларининг шайдосиман, шундан бери унинг хуш ифорларга йўғрилган шеърияти адабиёт ихлосмандлари кўнглини эзгуликка йўллаб туради ва азалий қадриятларга ошно этиб, руҳини оппоқ туйғулар, боқий фазилатлар билан тўйинтириб келади.
Гулистон Матёқубова Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл шаҳрида туғилди. Бу қадимий ўлкада ўзбеклар, қорақалпоқлар, қозоқлар, туркманлар азалдан бир ёқадан бош чиқариб, аҳил-иноқ, тотув яшаб келади. Улар бир-бирининг тилини ҳам, дилини ҳам яхши билади. Шу боис турли миллат вакиллари ўзаро қиз олиб, қиз беради, ўғил уйлантиради, қуда-анда бўлади. Фарзандлари кўҳна Жайҳун бўйларида, тарихий илдизлари чуқур кетган қўрғонларда, бир томони бугун одамлардан имдод кутиб оғир нафас олаётган Орол денгизига, бир томони Қизилқум чўлларига туташ бепоён кенгликларда бирга ўйнаб, дўст бўлиб, елкама-елка меҳнат завқини туйиб улғаяди. Бир-биридан ўрганади, бир-бирига ўргатади. Инчунин, улар оқил, доно, бағрикенг, саботли, матонатли элнинг фарзандларидир. Бу халқларнинг бугунги кунда ҳам катта синовларга бардош бериб, табиат инжиқликларига қарши мардона курашиб келаётганликлари сўзларимизнинг яққол исботдир.
Алқисса, Гулистон мана шундай сифатларга эга халқ орасида ўсиб, камолга етди. Она тили ва адабиёти билан бирга, қон-қардош қорақалпоқ халқининг бетакрор қадриятлари, урф-одатлари, тили ва оғзаки ижодиётини, достону маталлари, термалари чашмасидан сув ичиб улғайди. Шеваларидаги энг нафис ифодаларни, энг нозик қочиримларни-да пухта ўзлаштирди. Шу боис шоира ижодида донишмандлик ва теранлик ҳамда сўзнинг бор виқор-у қудрати ёрқин намоён бўлади.
Қорақалпоқ заминида инсонни ҳаётнинг ўзи тарбиялайди, синовларда тоблаб, улғайтиради, десак муболаға эмас. Бу Гулистоннинг ижодида ҳам очиқ сезилиб туради.
Шоиранинг1965 йилда, энди 17 ёшга қадам пайтда битган “Ёшлигим” номли ажойиб бир шеъри бор. Ундан ҳали турмуш зарбараларидан пешонаси “ғурра” бўлмаган, турфа хил чигалликлар туфайли сарсон-саргардонликларга учрамаган мурғак қалб кечинмалари ўрин олган, унда ифода этилган ёши улуғ, тажрибали ижодкорларда учрайдиган донишмандлик ва теранликдан ҳануз таажжубга тушаман.
Ёшлик, сен умримнинг кўркам фаслисан,
Қувноқ ҳаётимнинг баҳорисан сен,
— дейди шоира шеър аввалида. Унинг давомидан ёшликка хос шўхлик, ўйин-кулгуга эш ўткинчи ҳиссиётлар ифодасини кутасиз. Бироқ шоира қалам тутган бошқа тенгдошларидан умуман фарқ қилади. Ҳаёт, борлиқнинг ўзи “қуёшдек нур сочиб” фикрини ёритган, қалби ҳаяжондан худди денгиз каби мавж уриб турса-да, дилида дилрабо куйлар янграса-да, умрининг энг ёрқин палласига залворли сўроқларни беради:
О, ёшлигим, бунча қайга шошасан,
Ҳали экин экиб, боғ яратдингми?
Дарёдек мавжланиб, қайга оқасан,
Ҳали халқ ишончин адо этдингми?
Ёшлигидаёқ бундай муҳим саволларга жавоб излаган ва уларга ўз амали билан жавоб беришга интилган шоиранинг иқбол юлдузи порлаши керак эди ва шундай бўлди.
Гулистон Матёқубова ярим асрдан мўлроқ жўшқин фаолияти давомида нафақат улуғ чўққиларга менгзагулик ижодий марраларни забт этди, айни чоғда неча-неча қалбларда эзгулик боғларини яратди, ундан муҳими, сўзи ва амали билан халқимизнинг ишончини қозонди. Буни у 1984-2005 йилларда, 4 чақириқда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, 2005-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутат сифатида сайлангани мисолида ҳам кўрса бўлади. Ҳозирда у “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси бош муҳаррири бўлиш билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.
Гулистон Матёқубованинг ижоди қанчалик самарали эканлигини билиш учун унинг чоп этилган китобларини бир қур ёдга олишнинг ўзи кифоядир. Шу пайтга қадар ижодкорнинг “Ҳаяжоннинг етти ранги”, “Ойдин остона”, “Севиб қолсин”, “Дарёга ботаётган қуёш”, “Излаганларим”, “Ойбалдоқ”, “Муҳаббат юрти”, “Сайланма”, “Кўксимдаги нур” каби китоблари ёруғлик юзини кўрган бўлиб, улар аллақачон мутолаасевар халқимизнинг маънавий меросига айланиб улгурган.
Шоиранинг кўп йиллик ўқувчиси ва бир ижодкор ўлароқ, уни ўқувчига севимли қилган жиҳат ҳақида хўп ўйлаганман. Англаганим ва бор ҳақиқат шуки, Гулистоннинг туйғуларида ёлғон йўқ, ҳаммаси табиий ва самимий, ҳар бир мисрасида бошқаларникига ўхшамайдиган ўзига хос юксак дид, баддият мужассам. Албатта, юксак инсоний туйғуларнинг бундай бадиий талқинлари мисралар орқали шоира қалбидан бошқа юзлаб қалбларга кўчиб ўтади.
У она-Ватаннинг бебаҳолиги, табиат гўзаллиги, муҳаббат сеҳри, соғинчу висол бахти ҳақида ёзадими ёки айрилиқ изтиробини ёҳуд Орол дардини қоғозга туширадими, ҳаётнинг аччиқ-чучуги ва чигалликларини қаламга оладими, фарқи йўқ, сийқаси чиқиб кетган ибораю сўзлардан қочади, аравани қуруқ олиб қочмайди. Аксинча, кўнгилга хуш ёқадиган, юракнинг туб-тубига етиб борадиган ибора ва сўзларни юксак дидли ижодкор сифатида топади, топмагунича тиним билмайди. Шу боисдан ҳам унинг ўхшатишлари жонли, истиоралари гўзал чиқади, тасвирлари худди севимли кинотасмаси янглиғ кўз олдингиздан бир-бир ўта бошлайди. Натижада адиб қувонганида сиз ҳам шод-ҳуррам бўласиз, аксинча, ғам-андуҳ чекканида қайғуга ботасиз, унга қўшилиб йиғлайсиз. Гапнинг бўларини айтганда, бундай иқтидор ҳар бир ижодкорга-да насиб этавермайди. Бундай қаламкашларни Қалам Соҳибининг ўзи улуғ қилиб яратган бўлади. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас.
Шоиранинг аксар шеърларида ҳаётга чексиз муҳаббат нур сочиб туради. Бу жиҳатдан унинг “Вақт эртаклари” сарлавҳали шеърини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Асарнинг бошламасидаёқ шоира:
Менинг оламимда бўшлиқлар йўқдир,
Чексизликларида узоқ манзиллар.
Зулматлар йўқ унда, нурлар тўкилиб,
Фақат баҳор бўлиб қолган фасллар,
— дея ўқувчиларга фараҳбахш ҳислар улашади. Сўнгра лирик қаҳрамон оламида майин оҳанглар ҳукмронлиги, ишқ тўлқинида юлдузлар куйлаши, рангдор тонглар жилоси, вақт эртаклари сеҳрга йўғрилишига гувоҳ бўласиз. Унинг яхшиликлар гулловчи оламида ёлғонлар йўқ, ҳатто, рашк ҳам нафис бир ҳикматга йўғрилган, денгизлар моҳият яратса, дарёлар ақл нурларидан тошади.
Шоиранинг позитив туйғулари шу қадар баланд чўққига кўтариладики, у бундай баланд руҳни қаердан олди экан, дея ҳайратга тушасиз. Бунинг сири асар якунида очилади. Лирик қаҳрамон қалбида севги олови алангаланган — бу Яратганга, Ватанга, ёрга, яқинларига бўлган адоқсиз муҳаббат. Шу боис унинг ҳайратлари, ҳаяжони беқиёс, оппоқ нурларга тўла:
Сўз билан ҳайратни чизиб беролмам,
Сўз билан чизолмам муҳаббатни ҳам.
Бир томчи шудрингда денгиз кўринса,
Бир дона лолада ер курраси жам.
Ижодкорнинг ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, халқпарварлик туйғуси кенг ўрин эгаллаган, истиқлолимизнинг беқиёс қадри, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳаётбахш ўзгаришлар моҳияти очиб берилган асарлари ҳам бисёр. Улардаги ўтли руҳ, ҳарорат тезда китобхонга ҳам юқади. Чунки уларда бу олижаноб тушунчалар, кечинмалар юксак пардаларда куйланади. Шоиранинг “Ватан, бағринг қуёш, бошларинг осмон” туркумидаги ва бошқа шу мавзуда битилган ўнлаб шеърлари хусусида ҳам айни шу фикрни айтиш мумкин.
Ана шундай битикларининг бирида шоира азиз юртга “Она юрагидан бошланган гўша”, дея таъриф беради. Қаранг, “Ватан остонадан бошланади”, деган гапни кўп айтамиз. Аммо шоира бу ташбеҳни ҳамма билганидек эмас, янада маъноси чуқурроқ, залворлироқ, таъсирчанроқ ифодалайди.
Шоира “Жаннат юртим — Ўзбекистоним” шеърида Ватанга муҳаббатни қанотли тулпорга ўхшатади. Унинг шиддати она юрт шаънини янгилашини, кучли, улуғвор, залворли қадамлари нафақат ҳур заминни, балки бутун олам гулшанини безашини бадият тилида уқтиради:
Ватан муҳаббати — қанотли тулпор,
Шиддати янгилар она юрт шаънин.
Залворли қадаминг кучли, улуғвор,
Безагай ҳур замин — олам гулшанин.
Тўғри, шоиранинг ватанпарварлик руҳидаги шеърларининг айримларида баъзи баланпарвоз жумлаларни, ҳаммамизга ёд бўлиб кетган ўхшатишларни, бадииятдан ҳоли ибораларни ҳам учратамиз. Лекин бу туйғулар шоиранинг қалб туғёнлари эканини, ҳар бир инсоннинг уларни ўз овози билан қоғозга туширишга ҳаққи борлигини ҳисобга олсак, бу ҳолни камчилик сифатида эмас, балки фазилат ўлароқ қабул қилиш мумкин бўлади.
Ўтган асрнинг 90-йилларида замонавий шеъриятимизнинг чўққиларидан бири — Зулфия Гулистон Матёқубова ижодига юқори баҳо бериб, қуйидаги фикрларни ёзганди:
“… Гулистон ўзининг бой мулкига эга шоир. Бу шундай мулкки, унда туғёнлар алангаланиб, теранликка ва маҳоратга айлангани сабаб, шеърлари дилимизга яқин”.
Албатта, бу эътирофлар бежиз эмас. Йиллар ўтса-да, бу баҳонинг оҳори тўкилгани, қимматини йўқотгани йўқ. Гулистон шеърияти масофа билмас фазилати, сеҳри, жозибаси ўқувчилар қалбини тўлқинлантиришда давом этмоқда.
Шоирани бугун нафақат ўзбек ва қорақалпоқ халқи севиб-ардоқлайди, балки у “Земля отцов”, “Журек пенен жузбе жуз”, “Нурлы жоллар”, “Прекрасное чувство”, “Амиў жағасында оскен байтерек”, “Интизарлық” ва бошқа китоблари, рус, турк, туркман, немис тилларига таржима қилинган асарлари билан турли халқлар адабиёт ихлосмандлари учун ҳам яхши таниш. Шу боис халқаро мутахассис ва адабиётшунослар эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
Унинг Москвадаги “Творчество народов мира” халқаро ассоциацияси лауреати бўлгани ҳам, ўйлайманки, бу борадаги таърифу тавсифимиз бежиз эмаслиги тасдиқлайди.
Гулистон Матёқубова миллий адабиётимиз, маданий-маънавий ҳаётимиз ривожидаги ҳиссаси, ёш авлод тарбиясидаги хизматлари инобатга олиниб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Қорақалпоғистон халқ шоираси” фахрий унвонлари билан мукофотланган.
Гулистоннинг ҳаёти ҳам, феъл-атвори ҳам, жисми ҳам исмига монанд. Гулдек кўркам, нафис ва беозор. Бировларга зулм қилгани, фириб берганини ҳеч эшитмаганмиз. Гўзалликга ошуфта, бошқаларга қўлдан келган ёрдамини аямайдиган шоира бир шеърига “Гулдай яша”, дея сарлавҳа қўйгани ҳам бу шиор унинг ҳаёти тузугига айланиб кетганидан далолат беради.
Умуман, Гулистон ижодкор сифатида қанчадан-қанча дилларга эзгулик уруғини қадаб, улкан боғ ярата олди. Бундай бахт ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Шу маънода, шеърий гулистон яратган Гулистон синглимизга адабиёт боғидаги машаққатли фаолиятида ҳамиша муваффақиятлар ёрлигини тилаб қоламиз.
Ўткир РАҲМАТ