Юртимизда ер умуммиллий бойлик сифатида эътироф этилган бўлсада, шу пайтгача ундан келадиган фойдадан кўпроқ мансабдор шахслар баҳраманд бўлгани сир эмас.

Ер сотиш, ердан фойдаланиш билан боғлиқ турли ноқонуний ҳолатлар кўпайгани боис Давлатимиз раҳбари ушбу соҳада туб ислоҳотларни амалга оширди.

Туман ҳокимлари томонидан ер ажратиш тўхтатилиб, бу ишлар фақат аукцион орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. Ерлар электрон онлайн аукцион орқали фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилмоқда.

Очиқ электрон танлов орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш ҳуқуқини қўлга киритган шахсларга ўша ҳудуд ҳокимининг тасдиғи талаб этилмайди.

Шунингдек, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланганларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда чора кўриш масъулияти Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига юклатилди.

Кадастр агентлиги органлари ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаган тақдирда, ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси киритади.

Бу каби меъёрлар 2022 йил 6 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган.

Мазкур қонунда ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим аҳоли қатламлари учун бир қатор кафолатлар белгиланган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оиласи электрон онлайн-аукционлардан ер участкаларини сотиб олиши билан боғлиқ харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Ерни хусусий мулк сифатида эътироф этиш бўйича ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Бу ерга нисбатан мулкий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўз навбатида, бу Ўзбекистонда янги авлод мулкдорлар қатламининг кенгайишига, ер билан боғлиқ бозорнинг ривожланишига, ер участкаларидан фойдаланиш бўйича самарадорлик ошишига олиб келади.

Шу билан бирга ердан фойдаланиш жараёнига бозор механизмларини жорий этиш, бу йўналишда мулкий ва ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш мамлакатда бозор механизмларининг ишлашига ҳуқуқий асос бўлади.

Бу меъёрлар янги таҳрирда қабул қилинган Конституциянинг 68-моддасида ўз ифодасини топди.

Унга кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Бу ердан фойдаланиш соҳасида бозор механизмларини жорий этишга йўл очди. Мазкур норманинг амалиётга жорий этилиши мулкдорларга, хусусан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига уларнинг ерга бўлган мулк ҳуқуқини конституциявий даражада мустаҳкамлашга имкон яратди. Ўз навбатида, бу ердан оқилона фойдаланишни ҳам тақозо қилади.

Баҳодир Тожиев,  

Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги  

масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА