Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев БМТТДнинг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси директори Ивана Живкович бошчилигида делегация аъзолари билан учрашди. Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Томонлар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва галдаги вазифаларга урғу берар экан, унда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, камбағалликни қисқартириш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ва “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ва унинг одамларни фаолликка чорлашдаги аҳамияти, ижтимоий ҳимоя ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.

БМТТДнинг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси директори Ивана Живкович қайд этганидек, Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг муҳим стратегик ҳамкори ҳисобланади.

– Биз айнан мамлакатингиз билан 30 йилдан буён ишлаётганимиз бежиз эмас. Ўзбекистонга ташриф доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига бордик. Орол денгизи талафотларини бартараф этиш бўйича бир мамлакатнинг ўзи ечим топиши анча мушкул масала. Халқаро ташкилотлардан ёрдам жалб қилиш чорасини кенгайтириш зарур. Ўз ўрнида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида ижтимоий ҳимоя ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари алоҳида ўрин олгани бизни хурсанд қилди. Ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ушбу йўналишлардаги вазифаларнинг амалдаги ижросига гувоҳ бўлмоқдамиз. Албатта, бу ишлар атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид ҳамкорлигимизга ҳамоҳангдир, – деди Ивана Живкович.

Шунингдек, тадбир кун тартибида истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари ҳамда БМТТД томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳукуматга кўмаклашиш масалалари ҳам ўрин олди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва муҳокама чоғида эътибор қаратилган йўналишлар юзасидан лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олди.


Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА