Кеча эрталаб Қозоғистонда ҳалокатга учраган ва камида 38 киши ҳалок бўлган воқеа бўйича жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда. Бу ҳақдa “Euronews” маълум қилди.

Озарбайжон пойтахти Бокудан Россиянинг Грозний шаҳрига йўл олган самолёт Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида фавқулодда қўнмоқчи бўлганида ушбу фожиа содир бўлган.

Бортдаги 67 йўловчидан жами 29 нафари, жумладан: озарбайжонлик 37 кишидан 14 нафари, қирғизистонлик 3 йўловчининг барчаси, россиялик 16 кишидан тўққизтаси ва бешта экипаж аъзоларининг учтаси омон қолган, лекин турли тан жароҳатлари билан яқин атрофдаги тиббиёт муассасаларига етказилган.

Бу ҳалокат содир бўлган вақтда Озарбайжон раҳбари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)нинг норасмий саммитида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга йўл олган эди, бироқ барчасидан хабар топгач, зудлик билан ортга қайтди.

Алиев Бокуга келгач, Вазирлар Маҳкамасини фавқулодда мажлисга чақирди. Шунингдек, у ўз ҳукуматига авиаҳалокатни текшириш бўйича тузилган комиссияга топшириқлар берди.

–Комиссиянинг вазифаси бу масалани тўлиқ текшириш, ҳалокат сабаблари ва унинг барча тафсилотларини ўрганиш ҳамда халққа маълумот беришдан иборат, – деди Алиев.

Мусулмон Зиё, ЎзА