Жорий йил ўн бир ойи якунига кўра, Қозоғистон Ўзбекистоннинг уч асосий савдо ҳамкорларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2024 йил январь-ноябрь ойларида мамлакатимиз ташқи савдоси қиймати 59,4 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 фоиз ўсди.

Қайд этиш керак, бугунги кунда Ўзбекистон 195 давлат билан иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган. Савдо айланмаси бўйича Хитой (19 фоиз), Россия (18 фоиз), Қозоғистон (6,5 фоиз), Туркия (4,4 фоиз) ва Корея Республикаси (3 фоиз) етакчилик қилмоқда.

Хусусан, Қозоғистонга 1,3 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинган, ушбу қардош давлатдан импорт миқдори эса 2,5 миллиард долларга тенг.

Мутахассислар фикрича, бу қўшни мамлакат йирик ташқи иқтисодий ҳамкорларимиздан бирига айланиши умумий чегара мавжудлиги билан боғлиқ. Шунингдек, МДҲ эркин савдо зонаси ҳамда ўзаро иқтисодий муносабатлар либераллашуви ҳам бу борадаги ижобий ўсишни таъминламоқда.

Г.Сатторова, ЎзА