Бош вазир Риши Сунак Вашингтонга бўлажак ташрифи чоғида АҚШ Президенти Жо Байденни Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес НАТО Бош котиби лавозимини эгаллашида қўллаб-қувватлаш учун кўндиришга уриниши мумкин, деб ёзди “Telegraph” газетаси.
Аввалроқ “The Times” Сунак ва Байден 7-8 июнь кунлари Қўшма Штатларда бўлиб ўтадиган учрашувда айни мавзуда суҳбатлашишини ёзиб чиққан эди.
Сунак Хиросимада ўтган “G7” саммитида ҳам Уоллесни Шимолий Атлантика альянси раҳбарлигига тайинлаш масаласини кўтарган, дейилади нашр хабарида.
Май ойида “DPA” агентлигига интервью берган Уоллес мазкур вазифага тайинланишидан манфаатдор эканини маълум қилган. НАТОнинг амалдаги Бош котиби Йенс Столтенберг 2022 йил 1 октябрда лавозимини тарк этиши лозим эди. Украина атрофидаги зиддият туфайли Альянсга аъзо мамлакатлар етакчилари унинг мандатини 2023 йил 30 сентябргача чўзиш тўғрисида қарор чиқарган.