Якшанба куни Анқарада Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокара бўлиб ўтди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, бир ярим соат давом этган учрашувда ТИВ янги раҳбари Хоқон Фидан, миллий мудофаа вазири Яшар Гулер ва Президент матбуот котиби Иброҳим Калин қатнашган.

Мулоқотнинг асосий мавзуси – Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш жараёни. Туркия расмийлари расмий баёнот беришмади. Шимолий Атлантика альянси раҳбари матбуот анжуманида Швеция меморандум доирасида Туркиянинг талабларини бажарди, деди.

“Аниқ қадамлар ҳақида гапирилса, Швеция террорга қарши кураш қонунларига ўзгариш киритди. Стокгольмдаги намойишлар Анқарада норозилик туғдирганини тан оламан. Ўша митинг қатнашчиларининг мақсади Швецияни НАТОга киришига йўл қўймаслик эди”, деди Бош котиб.

Столтенберг “Президент Эрдоған билан бугунги учрашувда Швеция билан доимий қўшма механизм навбатдаги йиғилишини 12 июнь куни ўтказишга келишиб олдик”, дея маълум қилди.

Шу билан бирга у НАТОнинг Вильнюсда ўтадиган саммити олдидан Туркияда Швеция аризасини ратификация қилиш учун вақт етарли эканини таъкидлади.

 

ЎзА