“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилган.

Қонунда мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилишининг олдини олиш, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш идораларининг мансабдор шахслари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш натижадорлигини ошириш мақсад қилиб олинмоқда.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқликни баҳолаш идоралари томонидан техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулот ишлаб чиқарилишига, шу билан бирга маҳсулотни тақдим этган жисмоний ёки юридик шахсга ҳам зарар етказилишига сабаб бўладиган омиллар учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган мазкур қонун Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасида тегишли ташкилотлар масъуллари, экспертлар иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қонунда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича маъмурий жарималар қўллаш ваколатига эга бўлган шахслар таркиби аниқлаштирилмоқда.

Мажлисда “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу қонун билан теле- ва радиоканалларга, шунингдек, уяли алоқа виртуал операторларига ўз фаолиятларини амалга оширгани учун тўлайдиган давлат божи миқдорлари камайтирилиб, уларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Жумладан, уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) томонидан радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатганлик учун тўланадиган йиллик давлат божи миқдори ҳам камайтирилмоқда.

Шунингдек, қонун билан теле- ва радиоканаллар томонидан телерадиоэшиттиришларни тарқатиш, намойиш қилиш тармоқларини лойиҳалаштирганлик, қурганлик, улардан фойдаланганлик ва уларнинг хизматлар кўрсатгани учун тўланадиган давлат божи миқдорлари илгариги миқдорларга нисбатан мос равишда 50 фоизга камайтирилмоқда.

Қонундаги ушбу ўзгартиришларга асосан эндиликда теле- ва радиоканаллар томонидан юқоридаги фаолият турлари учун тўланадиган давлат божини йилнинг ҳар чораги учун тенг миқдорларда бўлиб тўлашга ҳам имконият яратилмоқда.

Ушбу имкониятлар медиа маҳсулотлар сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА