Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида, шунингдек, Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасида қатор вазифалар белгиланиб, бу борада тизимли ишлар кенг йўлга қўйилмоқда.
Мазкур Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 27-28 май кунлари Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Тахиатош тумани ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, Нукус ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида тумандаги уюшмаган ёшлар билан «Жасорат мактаби» ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғини ўтказилди.
“Нукус” умумқўшин полигонида бўлиб ўтган йиғинга 200 нафар ёшлар жалб этилди. Икки кунлик йиғин ёшларнинг ҳаётига кескин ўзгариш олиб киргани шубҳасиз. Ҳарбийлар билан бир сафда бўлиш, уларнинг ҳаёти билан яқиндан танишиш, суҳбатлашишнинг ўзидаёқ ёшлар ҳарбий соҳага қизиқиш билдира бошлади.
Ўқув йиғиннинг биринчи кунида ёшлар полигон саф майдонида сафланишди. Очилиш маросимида Тахиатош тумани ҳокими Данияр Курбанов сўзга чиқиб, бу ўқув йиғини ёшларнинг ҳаётида катта мактаб вазифасини ўташи мумкинлиги ҳақида гапираркан, уларга омад ва зафарлар тилади.
Ҳарбийча йўриқнома олгандан сўнг ёшлар тўрт гуруҳга ажратилиб, ўқув нуқталарига тарқатилди. Ҳарбий мутахассислар жанговар тайёргарликнинг асосий фанларидан машғулотлар ўтишди, ёшлар ҳам бевосита машғулотлар иштирокчисига айланди. Ҳарбий эстафета ўйинлари ҳамда арқон тортиш мусобақаси ўқув йиғинида ҳақиқий «жанг майдони»га айланди.
Йиғин доирасида “Прокурор ва ёшлар” учрашуви, халқаро ҳарбий ўйин ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган ҳарбий спортчилар иштирокида “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида мотивацион тренинглар ўтказилди. Ҳарбийликка қизиқиш билдирган ёшларга бу соҳага кириб келишнинг тартиби батафсил тушунтирилди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси, “Хурлиман” рақс ансамли, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ижодий гуруҳининг шўх-шодон куй ва қўшиқлари йиғин иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Аскарнинг бир кунлик кундалик режасига мувофиқ ёшлар билан олиб борилган йиғиннинг кечки вақтида ёзувчи Бахтиёр Абдуғофурнинг “Ўзбек қизи” номли асарига ишланган фильм намойиш этилди. Гулхан атрофидаги кун таассуротлари ҳоким ва ҳарбийлар билан “feedback” кўринишидаги самимий ва унутилмас хотираларга бой суҳбатга, жонли ижродаги Ватан мадҳини тараннум этган қўшиқларга уланди.
Шу куни ёшларга ҳарбийлар ётоқхонасидан жой ажратилди. Ёш паҳлавонлар тунни полигонда ўтказишди.
Йиғиннинг иккинчи кунида ёшлар Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази фаолияти билан танишди.
Муҳташам бинода Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов иштирокида “Генерал ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Қўмондоннинг ҳар бир сўзини ўзига панду-насиҳат ва ўгит деб билган ёшлар учрашувдан мамнун бўлишди. Округда ташкил этиладиган навбатдаги “Жасорат мактаби”да ўқиш истагини билдиришди.
Йиғин сўнгида фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий касбга қизиқтириш, жамоада ўз ўрнига эгалигини шакллантириш ва бир қатор эзгу мақсадларни кўзлаган мазкур ўқув йиғин эзгу натижаларга эришди. Зеро, ёшларнинг бугуни уларнинг келажагига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ёшлар тарбиясига эса барчамиз бирдек масъулмиз.
Темур НАРЗИЕВ,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот
хизмати бошлиғи, подполковник.
ЎзА