Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояси тизимини такомиллаштириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилда мамлакатимиздаги 208 туман ва шаҳарда “Инсон” марказлари ва маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу тадбирлар доирасида 12 тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 100 дан ортиқ хизмат кўрсатиш тизими яратилди.
Ёлғиз ёки якка ёлғиз шахсларни қўллаб-қувватлаш учун реестр шакллантирилиб, унга 2 минг 429 нафар шахс киритилди. Уларга пуллик ижтимоий хизматлар ташкил этилди. Шунингдек, 10 минг 169 нафар ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий-ижтимоий экспертиза орқали ногиронлик гуруҳлари аниқланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиб, улар учун 30 турдаги протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари тақдим этилади.
Электрон савдо майдончалари орқали 85 мингдан ортиқ шахсларга ваучерлар тарқатилиб, уларнинг аксарияти буюртма қилинган воситаларни олиш имконига эга бўлди. 2021 йилдан буён ҳозирги кунга қадар етим ва ота-она қарамоғисиз қолган 2 минг 490 нафар бола давлат томонидан уй-жой билан таъминланди.
Ижтимоий нафақаларни тақсимлаш тизими рақамлаштирилиб, 1,7 миллиондан ортиқ оилага онлайн режимда нафақа тайинлаш имконияти яратилди.
Кам таъминланган оилалар учун автоматик ҳисоблаш тизими йўлга қўйилди, бу нафақа ажратиш жараёнини сезиларли даражада енгиллаштирди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА