Бугун, 26 декабрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати баҳслари бошланади.

Дунёнинг кўзга кўринган шахматчилари иштирок этадиган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи гроссмейстерлари Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдаров, Жаҳонгир Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов эркаклар ўртасидаги мусобақаларда дона сурса, Афруза Ҳамдамова аёллар ўртасидаги курашларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Жаҳон чемпионатида рапид ва блиц йўналишлари бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен, етакчи шахматчилар Фабиано Каруана, Алиреза Фирузжа, Хикару Накамура қаторида 300 нафар иштирокчи Нью-Йорк шаҳрида кечадиган ақл жангларида иштирок этади.

Бугун рапид йўналишидаги 1-5-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Эртага, 27 декабрь куни 6-9-тур, 28 декабрь куни 10-13-тур учрашувлари ташкил этилса, 29 декабрь иштирокчилар учун дам олиш куни сифатида белгиланган.

30 декабрь куни эса жаҳон чемпионатининг блиц баҳслари бўлиб ўтади. 31 декабрда чорак финал, ярим финал ҳамда финал мусобақалари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланади.

Т.Рўзиев,

ЎзА