Бугун нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган муаммо ва таҳдидларга жавоб топишга интилмоқда. Бу муаммолар қаторига атмосферада иссиқхона газларининг кўпайиши, ернинг устки қобиғи ҳароратининг ортиши, сув ресурслари тақчиллиги, табиий офатларнинг тез-тез такрорланиши, саҳролашиш жараёнининг ўсиши ва бошқаларни киритиш мумкин.
Мутахассислар иқлим ўзгариши табиий офатларнинг янги турлари пайдо бўлишига шароит яратиши билан бирга, мавжуд табиий офатларнинг зарар етказиш кучини бир неча баробар ошириши, ҳаттоки, бошқариб бўлмайдиган даражага етказиши мумкинлигини айтмоқда.
Халқаро ташкилотлар ва илмий доиралар иқлим ўзгариши дунёнинг қатор ҳудудларида турли даражадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтиришини тахмин қиляпти. Хусусан, Жаҳон банки маълумотига кўра, иқлим ўзгариши кучли ички миграцияга сабаб бўлиб, 2050 йилгача дунёнинг олтита минтақасида яшаётган 216 миллион нафар инсон ўзлари яшаётган маконни тарк этиб, бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлади. Бу минтақалар орасида Марказий Осиё ҳамда унда яшаётган 5 миллиондан ортиқ аҳолининг борлиги ушбу муаммонинг минтақа давлатлари учун жуда долзарб эканлигини исботлайди.
Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиёда иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган 5-халқаро конференция атроф-муҳит, сув, ер ресурслари ва бошқа экология билан боғлиқ масалалар аллақачон бошқариш қийин бўлган долзарб муаммоларга айланиб улгурганини кўрсатди.
Ҳозирда Марказий Осиё иқтисодий жиҳатдан тез суратларда ривожланиб бораётган минтақалардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, минтақа географик жиҳатдан шундайки, бу ердаги сув ва ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, уларни бошқаришда оқилона йўл тутиш келгусида давомли ривожланиш, барқарорлик ва фуқароларнинг фаровонлигига хизмат қилади.
Минтақадаги барча давлатлар, хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон иқлим ўзгариши билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш ва тегишли чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Париж Битимини ратификация қилган. Мазкур битим 2015 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, шу йилнинг ўзида 196 та давлат томонидан имзоланган. Париж Битимининг асосий жиҳатларидан бири — ривожланган давлатлар билан бир қаторда ривожланаётган давлатлар ҳам атмосферага ташланмалар миқдорини камайтириш мажбуриятини олиши белгиланган.
Шу билан бирга, ушбу халқаро ҳужжатда давлатлар олдига қуйидаги учта муҳим мақсадлар қўйилган:
Биринчиси, давлатлар олдига қўйилган мақсад — иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишдан иборат. Бунда ер юзидаги глобал ўртача ҳароратнинг саноатлашув давригача (XVIII асрнинг ўрталари) бўлган даражага нисбатан 2°Сдан пастда, имкон қадар 1,5°Сда ушлаб туриш назарда тутилади. Шу кунга қадар дунё давлатлари томонидан олиб борилган сиёсат ҳамда сайёрамизнинг глобал исишини 1,5°С да ушлаб туриш учун талаб қилинадиган сиёсат ўртасида жуда катта бўшлиқ мавжуд бўлган. Экспертлар прогнозига кўра, мавжуд воқелик ўзгармаса ҳамда Париж Битимига аъзолар томонидан ўз вақтида тегишли чоралар қабул қилинмаса, 2100 йилга келиб ер юзидаги глобал исиш ўртача 3,2 °Сни ташкил қилади. Бу ер шарининг катта қисмида экотизим издан чиқади. Ер юзидаги глобал исишни 1,5°Сда ушлаб туриш атмосферага чиқариладиган ташланмаларни 2030 йилгача 43 фоиз ва 2050 йилгача 84 фоизга камайтиришни кўзда тутади. Фақат ушбу мақсадга эришишгина сайёрамизни “соғлом” ҳолда сақлаб қолишга имкон яратади.
Иккинчи мақсад — иқлим ўзгаришининг ноқулай таъсирларига мослашиш салоҳиятини оширишга ва паст углеродли ривожланишга кўмаклашишни назарда тутади. Ушбу мақсадга эришиш йўлида минтақадаги барча давлатлар томонидан миллий қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилиб, давлат дастурлари қабул қилинган. Хусусан, Қозоғистонда 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш бўйича Стратегия тасдиқланган. Унга мувофиқ, иқтисодиётнинг барча тармоқларини қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказиш, биоэнергетикани ривожлантириш орқали атмосферага ташланмалар миқдорини 0 фоизга тушириш белгиланган.
Тожикистонда эса 2030 йилгача иқлим ўзгаришларига мослашиш бўйича Миллий Стратегия қабул қилинган.
Шунингдек, 2019-2030 йилларда Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га ўтиши бўйича Стратегия қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда сув ва қишлоқ хўжалиги секторларида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар белгиланган.
Иқлим ўзгаришларига мослашиш бўйича минтақадаги алоҳида давлатлар томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар минтақа миқёсида олиб қараганда жуда кам фоизни ташкил этишига гувоҳ бўламиз.
Учинчи мақсад эса, давлатларни иқлим барқарорлигини сақлаб қолган ҳолда ривожланишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиришга чақиришдан иборат. Хусусан, Жаҳон банки гуруҳи 2021 йилда кейинги беш йилликда ажратиладиган маблағларнинг 35 фоизи айнан иқлим ўзгаришига мослашган лойиҳаларга қаратилишини маълум қилди. 2016-2020 йиллар оралиғида бу рақам 26 фоизни ташкил қилган.
Ушбу мезон ривожланаётган барча Марказий Осиё давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга. Минтақа давлатларида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар иқлим ўзгаришларига мослашув бўйича талабларни ўзида акс эттирмаса, уларнинг хорижий инвесторлар томонидан молиялаштирилиши қийинлашиб боради. Бу ўз навбатида иқтисодиёт ўсишининг секинлашувига сабаб бўлади. Келгусида инвестиция бўйича жозибадорлигини оширишга интилаётган барча давлатлар иқлим ўзгариши билан юзага келаётган талабларни инобатга олиши зарур.
Таъкидлаш жоизки, бугун иқлим ўзгариши натижасида вужудга келаётган экологик муаммолар аллақачон миллий даражадан трансмиллий таҳдидга айланиб улгурди. Шу боис ушбу муаммоларни ҳал қилиш бўйича алоҳида битта давлат томонидан қилинаётган ҳаракатлар ўз самарасини бермаслиги яққол намоён бўлмоқда. Бу муаммонинг ягона ечими қўшни давлатлар ўртасида ҳамкорликни барча даражаларда кенгайтириш, жамоатчиликни кенг жалб қилиш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларда биргаликда қарор қабул қилиш лозим.
Шу билан бирга, минтақадаги экологик вазиятни кенг оммага етказиш ва фуқароларда экологик маданиятни шакллантириш мақсадида оммавий ахборот воситаларидан унумли фойдаланишга зарурат туғилмоқда. Айниқса, Орол муаммоси ва сув ресурсларининг танқислиги билан “яшаётган” Марказий Осиё иқлим ўзгаришининг оқибатларига бардош бериши бўйича дунёнинг бошқа минтақаларига қараганда анча заиф ҳисобланади.
Мутахассислар фикрича, Марказий Осиё давлатларидаги суғориш технологияларининг самарасизлиги туфайли суғориш учун ишлатиладиган сувнинг 50 фоизи йўқотилмоқда. Иқлим шароитларининг ўзгариши натижасида минтақанинг музликлар майдони охирги 50-60 йил ичида 30 фоизга қисқариб, ерлар деградация билан боғлиқ йиллик харажатлар ЯИМнинг 4 фоизини ташкил этмоқда. Ушбу рақамлар Марказий Осиё минтақасига иқлим ўзгариши интенсив кириб келаётганини кўрсатади.
Бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича қатор халқаро тузилмалар, хусусан, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, шунингдек, халқаро молия институтлари ва донор давлатлар томонидан молиялаштириладиган дастурлар асосида фаолият юритувчи нодавлат ташкилотлар, экология фаоллари, журналистлар ва илмий-тадқиқот институтлари мавжуд.
Бундан ташқари, сўнги йилларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан иқлим ўзгариши масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотларда илгари сурилаётган ташаббуслар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 16 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида ташкилот доирасида Иқлим масалалари бўйича Кенгаш тузишни таклиф қилди.
Шунингдек, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2022 йил 11 ноябрдаги Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) Самарқанд саммитида «Туркий давлатлар яшил молия кенгаши»ни таъсис этиш ташаббусини илгари сурди. Бундай ташаббусларнинг давлат раҳбарлари томонидан илгари сурилиши минтақадаги иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатлари билан курашишда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, мавжуд куч ва воситаларни бирлаштириш имконини беради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Марказий Осиё минтақасидаги иқлим ўзгариши бўйича олий ва юқори даражали халқаро тадбирлар, учрашувлар кун тартибига иқлим ўзгариши масалаларини мунтазам киритиб бориш зарур. Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан “яшил технологиялар” асосида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари ва тадбиркорлар реестрини шакллантириш ҳамда улар сонининг ортиб боришини рағбатлантириш керак.
Бу жараёнда эко-журналистикани ривожлантириш, хусусан, миллий ва халқаро нашрлар, телевидение фаолиятини кенгайтириш, нуфузли танловларда эко-журналистикани алоҳида йўналиш сифатида киритиш фойдали бўлади. Барча мактаблар ва олий ўқув юртларида “Ёш табиатшунослар”, “Ёш экологлар” номлари остида кўнгиллилар гуруҳини шакллантириш ва эко-фаоллар билан ҳамкорликда тренинг машғулотларини ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Муроджон Мустафоев,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мустақил тадқиқотчиси.
ЎзА