Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 17 апрель куни Латвия Республикаси Сейми Раиси Инара Мурниеце раҳбарлигидаги ушбу мамлакат парламенти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида Сенат Раиси Н.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Латвия Республикаси Сейми ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
2010 йилда Латвия Сеймида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ тузилган бўлса, 2012 йил июлда мамлакатимиз парламентида худди шундай дўстлик гуруҳи ташкил этилди. Ўша йили сентябрда Олий Мажлис ва Сеймнинг парламентлараро дўстлик гуруҳлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ўтган йил май ойида Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегациясининг Латвияга ташрифи, ушбу ташриф доирасида ўтказилган қатор учрашувлар ҳамкорликни янада кенгайтириш ва янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди.
Ташриф кунлари Рига шаҳрида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Латвия бизнес-семинари ўтказилиб, унда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 300 нафардан зиёд вакили иштирок этди. Бир қатор идора ва муассасалар ўртасида ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланиб, келишувларга эришилди.
Латвия Республикаси Сейми Раиси Инара Мурниеце бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ушбу ташрифи парламентлараро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашувда томонлар мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболларини муҳокама этдилар. Демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича тўпланган тажриба таҳлил қилинди. Парламентлар ўртасидаги мулоқотни мазмун жиҳатдан янада бойитиш учун барча имкониятларни ишга солиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган учрашувда Спикер Н.Исмоилов Ўзбекистон билан Латвия ўртасида ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган муносабатлар парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланаётганини қайд этди.
Мамлакатларимизни мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туриши, қонун ижодкорлиги соҳасидаги алоқалар фаоллашгани тенг ҳуқуқлиликка асосланган шериклик муносабатларининг яна бир ифодаси экани таъкидланди.
Музокарада икки мамлакат ўртасидаги ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга оид масалалар кўриб чиқилди. Уюшган жиноятчилик, терроризм, гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича тузилган Ўзбекистон – Латвия ҳамкорлик комиссияси олиб бораётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти тўғрисида маълумот берилди.
Латвия парламенти делегацияси, шунингдек, мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам музокаралар ўтказди.