Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида АҚШнинг «Sidley Austin» халқаро юридик фирмаси билан ҳамкорликда семинар ташкил этилди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро юридик фирма вакиллари, юртимиздаги турли ҳуқуқшунослик компаниялари ходимлари иштирок этди.

«Sidley Austin» халқаро юридик фирмаси вакили Марк Палей, компаниянинг Женевадаги ҳамкори Хосе Валдеррама ва бошқа мутахассислар маҳорат дарслари ўтказди.

Халқаро тижорат арбитражи ҳамда инвестицион арбитраж борасида улкан тажрибага эга мазкур халқаро юридик фирма билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида ўтган йили ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

– Бугунги тадбирдан мақсад халқаро тижорат арбитражи ҳамда инвестицион арбитражни ривожлантириш ва уни қонунчиликка татбиқ қилиш, бу борада халқаро амалиётни ўрганиш, – дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси масъул ходими Мавлон Муҳиддинов. – Бунинг амалий самараси сифатида Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражи институти жорий қилинади. Натижада хорижий инвесторларнинг юртимизга сармоя киритиши янада ортади.

Тадбирда халқаро арбитраж соҳасидаги қонунчиликни ислоҳ қилиш ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши каби масалалар муҳокама қилинди.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА