Кейинги йилларда ўзбекистонлик спортчилар эришаётган ғалабалар, муваффақиятларни жаҳон тан олмоқда.

Бу ғалабалар, аввало, давлатимиз томонидан спортни ривожлантиришга берилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг маҳсулидир.

Биз дунё тан олган спортчиларимиз – Нодирбек Абдусатторов, Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашитов, Акбар Жўраев, Руслан Нуриддинов, Давлат Бобонов каби юзлаб шижоатли ёшларимиз эришаётган натижалар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Энди бир ўйлаб кўринг, агар юртимизда янгиланиш, ўзгаришлар, ислоҳотлар бўлмаганида спортчиларимизнинг ғалабалари ҳақида ғурурланиб, ҳаяжон билан сўзлай олармидик?

Ҳозир бокс бўйича жаҳон рингларида Ўзбекистон номини улуғлаб келаётган Баҳодир Жалолов, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов, дунё шахматида ўз ўрнини топиб бораётган Нодирбек Абдусатторов, дзюдо оламида ўз кураш услубини яратган Давлат Бобонов, оғир атлетика тарихида янги саҳифа очган Акбар Жўраев, халқаро енгил атлетика майдонида янги юлдуз бўлиб порлаётган Шарифа Давронова каби номдор спортчиларимизга меҳр ва эътибор бўлмаганида, дунё уларни танирмиди?

Умуман, қуёшли ўлкамиз бағрида ўсиб-улғайган бундай ёшларнинг муваффақиятга эришиш омиллари, уларга яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар шуни англатмоқдаки, таниқли ёшлар орасида сизнинг ҳам фарзандингиз бўлиши мумкин. Зотан, юртимиздаги ҳар бир иқтидорли ўғил-қиз эътиборда, уларда машҳур бўлиш имкони бор.

Таъкидламоқ жоиз, ўтган йиллар давомида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар натижасида юртимизда маҳалла тизими том маънода такомиллашмоқда. Аҳолининг барча қатламини қўллаб-қувватлаш механизми ишлаб чиқилдики, мамлакатимизда давлатимиз ғамхўрлигини сезмаган, унинг тафтидан баҳра олмаган бирон хонадон қолмади, ҳисоб.

Кам таъминланган оилаларга эътибор, ёшларни касбга тайёрлаш, йўналтириш тузулмалари, хорижий давлатларда ишлаш, ўқиш иштиёқидагиларга яратилган қулайликлар, чет элларда меҳнат қилаётган ватандошларнинг оилаларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар, камбағалликни қисқартириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар жонажон Ватанимиз улкан янгиланиш ва юксалишлар остонасида эканлигидан далолатдир.

Айни кунларда мамлакатимизда енгил атлетика, эшкак эшиш, ўқ отиш спорт турлари бўйича қитъа чемпионатлари ўтказилаётган бўлса, миллий спорт туримиз кураш бўйича Хитойда ташкил этилаётган қитъа чемпионатида Ўзбекистон номи шарафланмоқда.

Бундан ташқари, қиличбозларимиз Жанубий Кореяда, таэквондочиларимиз Туркияда, велоспортчиларимиз АҚШда, футбол бўйича “U-20” терма жамоаси Испанияда, пара спортчиларимиз Қозоғистонда, теннисчиларимиз Европа давлатларида, гимнастикачиларимиз Мисрда ўтаётган йирик спорт тадбирларида юртимиз номини улуғламоқда.

Шунингдек, Тошкент бокс бўйича катталар ўртасида 30 апрель-14 май кунлари ўтказиладиган жаҳон чемпионатини қабул қилишга тайёрланмоқда. Бугунгача 50 дан ортиқ давлатнинг терма жамоалари юртимизга етиб келишди. Улар ўзбекона меҳмондўстлик билан кутиб олинмоқда.

Бу айни пайтда Ўзбекистон эшкак эшиш, енгил атлетика, камондан ўқ отиш, бокс спорт турлари бўйича дунёнинг 100 дан зиёд давлатидан келган минг нафардан зиёд спорт соҳаси вакилларига мезбонлик қилаётганлигини англатмоқда.

Дарҳақиқат, спорт соҳасида бундай кенг кўламдаги мусобақаларни бир пайтда, кетма-кетликда, битта мамлакатда ўтказиш, яна ўнлаб спорт жамоалари, делегацияларнинг хорижий мамлакатлардаги халқаро мусобақаларда иштирокини доимий таъминлаб бориш осон эмаслигини, катта меҳнат ва изланишни талаб этиши кундек равшан.

Ҳақли равишда бугун Ўзбекистон таниқли спортчилар мамлакатига, дунё миқёсида мусобақалар ўтказиладиган манзил-майдонга айланиб бормоқда.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбири