Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида миллий спорт туримиз кураш бўйича катталар ўртасида ўтадиган XII Осиё чемпионати доирасида мураббийлар ва ҳакамларнинг халқаро семинари бошланди.

Семинарнинг очилиш маросимида Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё олимпия кенгаши, Осиё ўйинлари бош директори Ҳайдар Фармон, Ханчжоу Линпу шаҳри ҳокими Ванг Хин, 19-Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси раҳбарлари, IKA расмийлари, Миллий федерацияларнинг вакиллари иштирок этди.

Мутасаддилар қитъа чемпионатини ўтказиш борасида ташкилий қўмита томонидан амалга оширилган ишларга юқори баҳо бериб, ҳар бир спортнинг нуфузини белгилашда мураббий ва ҳакамларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этишини эътироф этди. Ўтказилаётган семинар курашнинг нафақат Хитойдаги ривожида, балки жаҳон майдонларида янада оммалашишига хизмат қилиши таъкидланди.

Халқаро кураш семинарларида иштирок этаётган 80 дан ортиқ мутахассис куннинг биринчи ярмида назарий машғулотларда қатнашди.

 

Эртага, 27 апрель куни қитъа чемпионатининг асосий баҳслари бошланади. Мусобақалар якунида ҳакамлик ва мураббийлик имтиҳонидан муваффақиятли ўтган мутахассислар сертификат ҳамда лицензиялар билан тақдирланади.

Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтадиган мусобақаларда 24 та давлатдан 200 дан ортиқ спортчи иштирок этишга ҳозирлик кўрмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА