Кейинги икки ҳафта мобайнида Тошкент бир эмас, учта халқаро нуфузли мусобақага мезбонлик қилади.

Жорий йилнинг 27-30 апрель кунлари енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасида қитъа чемпионати, 29 апрель – 5 май кунлари камондан отиш бўйича Осиё кубогининг иккинчи босқичи, 30 апрель – 14 май кунлари эса бокс бўйича эркаклар ўртасида жаҳон чемпионати пойтахтимизда ташкил этилади.

Хўш, мазкур мусобақаларга тайёргарлик ишлари қандай олиб борилмоқда? Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган йиғилиш баёнлари, “йўл хариталари» ижроси белгиланган вақтда таъминланяптими?  

Бугун ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов иштирокида ташкил этилган йиғилишда шу хусусда сўз борди.

Ушбу чемпионатлар юртимизда 30 апрель куни ўтказилаётган умумхалқ референдуми билан бир пайтга тўғри келаётгани, мусобақаларни бир қатор хорижий давлатларнинг дипломатлари, расмий вакиллари Тошкентда кузатишини таъкидлаб, мусобақалар билан боғлиқ оддий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлишини билдирди.

Бу, чемпионатлар Янги Ўзбекистоннинг спорт салоҳиятини халқаро майдонда кўрсата билишда муҳим омил саналади. Муҳокамалар давомида Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, федерация масъуллари, Республика олий спорт маҳорати мактаблари вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтишди.

Учрашув якунида ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгиланиб, иш самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берилди.

Т.Рўзиев, ЎзА