РИА Новостининг ёзишича, бугун Анқарада бўлиб ўтган брифингда Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хами Оқсой Анқара Москвадан визасиз режимни қайта жорий қилишни кутаётганини маълум қилган.
“Россия билан муносабатларимиз жадал ривожланмоқда, биз юқори даражадаги Ҳамкорлик кенгашининг етти учрашувини ўтказдик. Россия Президенти Владимир Путиннинг Анқарага ташрифи (3-4 апрель кунларида) ҳам муҳим аҳамият касб этди. Йил давомида товар айланмасининг 32 фоизга ўсишини таъминладик. Ўтган йилда Туркия Россиядан 5 миллионга яқин сайёҳ қабул қилган”, деган Хами Оқсой брифингда.
РФнинг Туркиядаги элчиси Алексей Ерхов РИА Новостига берган интервьюсида Россия томони энг аввало юк ташувчи ҳайдовчилар ва йирик бизнес вакилларининг келиб-кетиш тартибини эркинлаштириш борасида муҳокамага тайёрлигини билдирган. Шунингдек, элчи истиқболда шароит туғилиши билан визасиз режим борасида ҳам музокаралар бўлишига ишора қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг ноябрь ойида Туркия ҳарбий ҳаво кучлари Сурияда Россияга тегишли Су-24 бомбардимончи самолётни уриб туширгани фонида икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашган эди. Шундан сўнг визасиз режим ҳам бекор қилинган.