Шаҳрисабзда кураш бўйича халқаро турнир ўтказилади

Миллий қадриятларимизни тиклаш, асраб-авайлаш, ривожлантириш ва бутун дунёга кенг намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу жиҳатлар ўзбек кураши турли қитъалар ва мамлакатларда кенг тарқалиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Кураш ҳалол спорт тури сифатида тан олинди.

Мустақиллик йилларида кўп асрлик тарихга эга миллий курашимиз бўйича чемпионатлар, халқаро турнирлар ўтказиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Шаҳрисабзда Амир Темур, Термиз шаҳрида Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб халқаро турнирлар ташкил этилди, улар анъанавий тус олди.
Апрель ойининг охирги ўн кунлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Амир Темур хотирасига бағишлаб халқаро мусобақани юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича 2018 йил 3 апрель куни имзоланган ҳукумат фармойиши ижросини таъминлаш юзасидан ишчи гуруҳ мажлиси бўлиб ўтди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов раислигида тегишли вазирлик ва маҳкамалар мутасаддилари ташкилий масалалар бўйича чора-тадбирларни қачон ва қандай амалга ошириш борасида келишиб олишди.
Меҳмонларни пойтахтимизда кутиб олишдан тортиб Шаҳрисабздаги тадбирлар ва мусобақанинг ажойиб тарзда ёдда қолиши учун турли соҳа вакиллари камарбаста бўлишлари кўзда тутилган.
Августда Индонезияда ўтказиладиган Осиё ўйинлари дастурига илк бора ўзбек кураши бўйича мусобақалар қўшилгани Шаҳрисабздаги турнирга бўлган қизиқишни янада юқори босқичга кўтаргани шубҳасиз.
21 апрель куни ўтказиладиган мусобақада 33 давлатдан келган 100дан зиёд полвонлар мамлакатимизнинг етакчи курашчилари билан беллашади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА