Хабар берганимиздек, пойтахтимизда бокс бўйича ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун юртимизга бир қатор хорижий давлатларнинг терма жамоалари етиб кетган. Ушбу терма жамоалар Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида сўнгги машғулотларни ўтказмоқда.
Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, қўмита бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов у ерда бўлиб, терма жамоаларга яратилган шароитлар билан танишди. Ҳиндистон, Сурия каби терма жамоаларнинг аъзолари билан суҳбатлашди. Спарринг жангларини кузатди.
Мамлакатимизда илк бор катталар ўртасида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган боксчиларимиз аввалроқ юртимизга келган Куба терма жамоаси билан синов жангларида қатнашган эди. Бу гал эса Сурия ҳамда Ҳиндистон жамоалари билан машғулот жанглари ташкил этилди.
Осиё Олимпия кенгаши билан ҳамкорликда йўлга қўйилган лойиҳа асосида тайёргарлик кўраётган Сурия терма жамоаси аъзолари билан мулоқот давомида Ўзбекистон томони суриялик боксчиларнинг келгуси мусобақаларга ҳозирлик кўришида ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 апрель-14 май кунлари ташкил этиладиган Жаҳон чемпионатида 100 дан ортиқ давлатдан 600 нафардан зиёд боксчи қатнашиши кутилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА