24 апрель куни миллий спорт туримиз кураш бўйича Ханчжоу шаҳрида ўтказиладиган қитъа чемпионати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Kurash: World Series Pro” турнирининг Осиё қитъаси саралаш босқичида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегацияси Хитойга жўнаб кетади.

Осиё ўйинларига мезбонлик қиладиган Ханчжоу шаҳрида кечадиган қитъа чемпионати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтадиган мусобақада 24 та давлатдан 400 нафардан ортиқ спортчи қатнашиш учун рўйхатдан ўтган, дейилади Осиё кураш конфедерацияси хабарида.

Қитъа чемпионати 26-29 апрель кунлари ташкил этилади. Эртага 25 апрель куни мандат комиссияси ва ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтади. Мусобақада дастлаб эркаклар ва аёллар 4 тадан вазнда, кейинги кунлари эса эркаклар ўртасида 3 та, аёллар ўртасида 4 та вазнда Осиёнинг янги чемпионлари номи аниқланади.

Ўзбекистон кураш федерацияси маълумотига кўра, Ханчжоуда ўтадиган беллашувларда эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Ризамат Солиев етакчилигидаги 7 нафар, аёллар терма жамоаси бош мураббийи Дилфуза Раҳматова етакчилигидаги 8 нафар хотин-қиз спортчиларимиз ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Кураш бўйича мураббийлар кенгаши қарорига биноан Хитой кураш гиламларида терма жамоамиз аъзоларидан Муҳсин Ҳисомиддинов, Шермуҳаммад Жандриев, Жавоҳир Мирзамуродов, Умид Эсонов, Ҳамид Ҳайдаров, Артём Штурбабин, Абдулазиз Ҳамроев ўз вазнларида ғолиблик учун баҳс олиб боришади.

Осиё чемпионати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Kurash: World Series Pro” турнири қитъа саралаш босқичи мусобақаларини бошқариб боришда 30 нафарга яқин ҳакам иштирок этади. Мусобақалар давомида мураббий ва ҳакамлар учун тегишли сертификатлар учун имтиҳонлар ташкил этилади.

Т.РЎЗИЕВ, ЎзА