Осиё футбол конфедерацияси президенти шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа бошчилигидаги делегация мамлакатимизга келди.

Ўзбекистонда футболни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов, ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида ЎФА президенти Абдусалом Азизов шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифанинг Осиё футбол конфедерацияси раҳбарлигига сайлангани билан самимий қутлади.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг футболни ривожлантиришга қаратилган қарори юртимизда ушбу спорт турини янада оммалаштиришга улкан туртки бўлиши қайд этилди.

Тошкент вилоятида Ўзбекистон Терма жамоалари маркази қурилиши давом этаётгани, футбол мутахассисларини тайёрлаш марказида барча йўналиш бўйича мунтазам ўқув жараёни йўлга қўйилгани, болалар академиялари фаолиятини юқори босқичга олиб чиқиш бўйича ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

ОФК раҳбари шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа футболни ривожлантириш борасида Ўзбекистоннинг минтақада салоҳияти ва имкониятлари юқори эканлигини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши натижаларда акс этаётганини эътироф этди.

Учрашув давомида келгуси йилларда бир нечта қитъа мусобақалари ва тадбирларини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенг қамровда давом эттиришга келишиб олиинди.

Т.Рўзиев, ЎзА