Маълумки, жорий йилнинг 30 апрель-14 май кунлари пойтахтимизда бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилади. Мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг 100 дан зиёд давлат терма жамоалари қатнашиш учун талабномаларни тақдим этган.

Айни кунларда пойтахтимиз рингларида кечадиган жангларга тайёргарлик кўраётган бир нечта миллий терма жамоалар чемпионат олди сўнгги машғулотларини Тошкентда олиб бормоқда.

Деярли бир ҳафтадан бери пойтахтимизда машғулот ўтказаётган Ҳиндистон ва Миср терма жамоалари сафига ўтган куни Сурия, Мўғулистон, Сербия, Туркманистон терма жамоалари қўшилган бўлса, куни кеча таркибида бир неча номдор боксчилар бўлган Куба терма жамоаси ҳам пойтахтимизга етиб келди ва машғулотларга киришди.

Жаҳон чемпионатида қатнашадиган бокс бўйича миллий терма жамоаларнинг пойтахтимизга келиши давом этмоқда.

Т. Рўзиев, ЎзА