Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 30 апрель – 14 май кунлари пойтахтимиздаги “Ҳумо” арена спорт мажмуасида бокс бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтади.

Ўзбекистонда илк бор ташкил этилаётган дунё биринчилиги ғолиб ва совриндорлари қанча миқдордаги мукофотлар билан тақдирланиши расман тасдиқланди.

Xалқаро бокс ассоциацияси хабарига кўра, чемпионатнинг умумий мукофот жамғармаси 5,2 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган. Мусобақада 1-ўринни эгаллаган боксчилар 200 минг, 2-ўрин соҳиблари 100 минг, 3-ўриндан жой олганлар 50 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.

Жаҳон чемпионати дастурига кўра, жанглар 13 та вазн тоифасида ташкил этилади.

Мазкур нуфузли мусобақада ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган боксчиларимиз айни кунларда Тошкент вилоятининг “Янгиобод” ўқув базасида тайёргарликнинг сўнгги машғулотларини ўтказмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА