Франциянинг Мец шаҳрида ўтказилаётган “WTT Youth Series” турнирининг 13 ёшли спортчилар ўртасидаги баҳсларида ҳамюртимиз Аружан Камалова кумуш медаль соҳиби бўлди.

Халқаро стол тенниси федерацияси тақвимидан ўрин олган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг аъзолари бўлган Асель Еркебаева, Марҳабо Магдиева ва Аружан Камалова ўз ёш йўналишларида совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда.

Кеча халқаро турнирнинг U-13 тоифасида Аружан Камалова ҳамда U-15 тоифасида  Асел Еркебаева ўз иштирокларини якунлади.

Истеъдодли кичик ракеткачимиз А.Камалова саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказди. Асосий беллашувларда португалиялик Ленор Гомесни, украиналик Валерия Корзунни, сингапурлик Тан Кларани, франциялик Лиза Жаони мағлуб этди. Эътиборлиси, ҳамюртимиз ушбу теннисчиларнинг барчасини 3:0 ҳисобида доғда қолдирди.

Финал остонасига дадил одим ташлаган Аружан Камалова ярим финалда Франция терма жамоаси аъзоси Таня Морис билан рўбарў келди. Шиддатли ва кучли руҳий курашлар остида ўтган ўйинда теннисчимиз мезбонлар вакилини уч  партия натижасига кўра, 3:2 кўринишида енгишга муваффақ бўлди.

Финалда эса ҳиндистонлик кичик ракетка устаси Дивьянши Бхоумик  билан куч синашди. Шиддатли ўтган ўйиннинг 1-турида 11:9, 2-турида 11:3 ва 3-турда 11:2 ҳисобида ҳиндистонлик спортчи фойдасига ҳал бўлди. Шу тарзда Камалова халқаро турнирни кумуш медаль билан якунлади.

15 ёшлилар ўртасидаги басҳларда иштирок этган терма жамоамиз аъзоси Асел Еркебаева дастлаб португалиялик Джулия Леални 3:1 ҳисобида енгган бўлса, кейинги босқичда хитойлик Синан Сунга имкониятни бой берди. Шундай бўлса-да, турнирдаги яхши натижаси туфайли плей-офф босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган Аселдан 1/64 финал пиллапоясида франциялик Жейд Хаюн 3:2 ҳисобида устун келиб, 1/32 финал сари йўл олди.

Мазкур халқаро турнир мусобақалари 23 апрелга қадар давом этади.

Францияда ўтаётган халқаро турнир билан бир вақтда Бельгияда WTT Youth Contender турнири ҳам ташкил этилмоқда. Мец шаҳрида кечаётган мусобақаларда иштирокини якунлаган теннисчи қизларимиз Бельгия турнирида қатнашишга ҳозирлик кўрмоқда.

Шу ўринда айтиш лозим, ўтган йили ушбу турнирларда қатнашган стол теннисчиларимиз 1 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритган эди.

Т.Рўзиев, ЎзА