Кеча бир қатор Европа давлатларининг тулпорлари Франкфурт – Тошкент йўналишидаги махсус ҳаво рейсида Тошкентга олиб келинди.

Ушбу отлар жорий йилнинг 21-23 апрель кунлари пойтахтимиздаги “Universal Horses Stable” мажмуасида конкур бўйича ўтадиган Жаҳон кубогининг Евроосиё лигаси босқичида ва 27-30 апрель кунлари Евроосиё лигасининг Миллатлар кубоги ҳамда «Maxsima Masters» турнирида иштирок этади.

Тошкент мусобақаларида қатнашадиган тулпорлар бир неча кунлик тикланиш жараёни, санитар кўриклардан сўнг машғулотларга қўйилади. Мусобақада Евроосиёнинг 11 мамлакати чавандозлари қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, Евроосиё лигаси босқичларида муваффақиятга эришган чавандозлар Жаҳон кубоги финалида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Т.Рўзиев, ЎзА