Тожикистонда ўтказилган XIII халқаро Душанбе ярим марафонида мамлакатимиз спортчилари шоҳсупага кўтарилди.

Беларусь, Канада, Кения, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Украина, Франция, Хитой, АҚШ, Эрон, Эфиопия каби мамлакат вакиллари иштирок этган ярим марафон мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шоҳрух Давлатов белгиланган масофани 1:01:24 вақтда босиб ўтиб, эркаклар ўртасида Душабе ярим марафони ғолибига айланди. Аёллар ўртасида юртимизда ташкил этилган бир қатор марафонлар ғолиби бўлган ҳамюртимиз Екатерина Тунгусковага тенг келадиган югурувчи топилмади. У маррани 1:13:31 вақтда босиб ўтди ҳамда олтин медалга сазовор бўлди.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда ҳамюртимиздан кейинги ўринларни эфиопиялик Гирша Тилахун (1:13:26) ва қозоғистонлик Раҳимжон Келманов (1:06:46) эгаллади. Аёллар орасида Екатерина Тунгусковадан ортда қолган тожикистонлик Ульяна Кузминова (1:22:26) ҳамда Зулхижжа Ғаффорзода (1:28:09) кумуш ва бронза медалига эга чиқди.

Ҳар икки ғолиб спортчимиз шарафига Ўзбекистон мадҳияси янграган Душанбе ярим марафонида улар кўрсатган вақт бирлиги рекорд натижа сифатида эътироф этилди. Таъкидламоқ керакки, юртимиз енгил атлетикачилари марафон мусобақаларида илк бор Африка ва Европанинг етакчи мамлакатлари спортчиларини ортда қолдиришга муваффақ бўлишди.

Т.РЎЗИЕВ, ЎзА