Ўзбекистон спорт кураши вакиллари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган қитъа чемпионатида 11 та медалга эга чиқиб, ўтган йилги натижани 3 та медалга яхшилади.

Ҳамюртларимиз шиддатли беллашувлар сарҳисобига кўра, 1 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза медалига мушарраф бўлди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Аброр Отабоев юнон-рум кураши баҳсларининг 67 килограмм вазнида олтин, Шермуҳаммад Шарибжонов (юнон-рум кураши), Зафарбек Отахонов, Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш), Жасмина Иммаева ва Лайло Собирова (аёллар кураши) кумуш, Ихтиёр Ботиров ва Жалгасбай Бердимуратов (юнон-рум кураши), Махсуд Вейсалов ва Бобур Исломов (эркин кураш) ҳамда Актенге Кеунимжаева (аёллар кураши) бронза медалига эга чиқишди.

Шу ўринда айтиш лозим, ўтган йили Мўғилистонда ўтган Осиё чемпионатида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича терма жамоамиз аъзолари 2 та кумуш, 6 та бронза медалини қўлга киритган эди. Бу сафарги натижа эса 11 та медаль. Кўриниб турибдики, “Париж–2024” Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган спортчиларимизнинг кўрсаткичларида ўзига хос ўсиш кузатилди.

Бу айниқса, “классик” курашчиларимиз ютуқларида ёрқинроқ акс этди. Ўтган йили Улан-Батордаги қитъа чемпионатида икки нафар юнон-рум курашчимиз кумуш, уч нафари бронза медали олган бўлса, бу гал Остонада поёнига етган чемпионатда 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан сифат кўрсаткичини анча яхшилаб олишди.

Шунингдек, аёллар кураши вакиллари ҳам ўтган йилги қитъа чемпионатидаги 1 та бронза медалини 2 та кумуш, 1 та бронза ҳолатида яхшилашга муваффақ бўлишди.

Т.РЎЗИЕВ, ЎзА