Улуғбек Рашидов жаҳон чемпионатида бронза медални қўлга киритди

Туниснинг Ҳаммамет шаҳрида таэквондо WTF бўйича ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги баҳслари якунланди.

Унда 51 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Улуғбек Рашидов бронза медални қўлга киритди.

У чемпионатда бразилиялик Габриэл Альвес (25:5), малайзиялик Имон Фирдавс Насриддин (25:7), нимчорак финалда грециялик Дикаиос Мичалакакос (25:13), чорак финалда эса россиялик Анатолий Иаринни (18:8) мағлубиятга учратиб, ярим финалга чиқди.

Афсуски, финал учун ўтган курашда эронлик Амир Валипурга кичик – 11:17 ҳисобида имкониятни бой берди ва бронза медаль билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, чемпионатнинг биринчи кунида вазни 45 килограммгача бўлган ҳамюртимиз Амирбек Тўраев кумуш медални қўлга киритган эди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА