Бугун пойтахтимиздаги “Маърифат маркази” (Симпозиумлар саройи) биносида Марказий сайлов комиссиясининг референдумга доир навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Гибрид шаклда ўтган тадбирда референдум ўтказувчи округ комиссияларини тузиш ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига таалуқли бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда, Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум ўтказувчи 14 та округ комиссияларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва уларнинг таркиблари тасдиқланди.

Демак, референдум ўтказувчи округ комиссиялари жами 266 нафар аъзодан иборат бўлиб, шулардан аёллар 112 нафарни, яъни 42 фоизни ташкил этади. Округ комиссиялари раҳбар (раис, раис ўринбосари ва котиб) лавозимларида аёллар 38 фоизни ташкил этмоқда. Илк бор округ комиссиялари раислигига икки нафар аёл тасдиқланди.

Шунингдек, округ комиссиялари таркибида ногиронлиги бўлган шахслар 5 фоизни ташкил этмоқда. Комиссиялар аъзоларининг 6,0 фоизи ёшлар вакиллари, 58,3 фоизи 31 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролардан иборат.

Таъкидланишича, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилади.

Қолаверса, мурожаатларни кўриб чиқиш, фуқароларга референдумга оид маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида МСК ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этилди.

Кун тартибидан ўрин олган барча масалалар Марказий сайлов комиссияси аъзолари томонидан кенг муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА