O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими томонидан “Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” мавзусида Нукус шаҳридаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла хотин-қизлари билан учрашув ташкил қилинди.

Унда акциядорлик-тижорат  “Микрокредитбанк” нинг Қорақалпоғистон филиали, “Тадбиркор аёл” тадбиркор хотин-қизлар  ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Нукус шаҳар Ички ишллар органлари  фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари, ҳоким ёрдамчиси,   маҳалла хотин-қизлар фаоли ва  оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Учрашувда асосан  2022-2026 йилларга мўлжалланган  Янги Ўзбекистоннинг  тараққиёт стратегиясида Гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини  давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш,  уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка кенроқ жалб этиш, маҳалладаги “Аёллар дафтари” рўйхатида турган хотин-қизлар билан манзилли  ишлаш, хотин-қизлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидландики, сўнгги йилларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди.

–Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, бу борада  маҳаллалар кесимида   бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Нукус шаҳридаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Насиба Тўремуратова. –Бугунги кунда 2 минг 45 та оилада   3 минг 600 нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилиб келмоқда.  Ҳудуддаги  “Аёллар дафтари” нинг 4 босқичига  151 нафар хотин-қиз  хатлов қилинган бўлса, шундан ишсиз 50 нафари руйхатга олинди. Уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка кенгроқ  жалб этиш, шу орқали  ўз бандлигини таъминлаш мақсадида  тегишли ташкилотлар билан биргаликда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

–Бу борада  давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 27 мартдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан  бир қатор ишлар амалга оширилди, – дейди акциядорлик-тижорат  “Микрокредитбанк” Қорақалпоғистон филиали  ижтимоий кредит бўлими мудири Бахтиёр Сапаров. – Жумладан, ўтган йилда  оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури давомида жами 3 минг 329 та  тадбиркорлик субъектига  111,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит  ажратилган бўлиб, шундан  микрофирма  ва кичик корхона ташкил этган   794 та   юридик шахсга 63,5 миллиард сўм  ва ўзини ўзи банд қилган  2 минг 535 та жисмоний шахсга  47,7 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари,  кам таъминланган, яъни “Темир дафтар” рўйхатида турган 15 та оилага 185 миллион сўм, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган 320 нафар хотин-қизга 3,4 миллиард сўм, “Ёшлар дафтари” рўйхатида турган  1 минг 667 нафар ёшларга  54,8 миллиард сўм имтиёзли  кредит ажратилди.  Бундан ташқари,  «Oilakredit.uz» платформаси орқали ҳам жисмоний шахслар  интернетдан ариза топшириб,  тадбиркорликни бошлаш истагида юрган фуқаролар кредит олиш имкони мавжуд.

Учрашув давомида тегишли соҳа вакиллари томонидан  хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка кенгроқ жалб этиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий тармоқлар орқали фирибгарлар тўзоғига тушиб қолмаслик, турли  мазмундаги фейк хабарларга ишонмаслик, хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ва фирибгарликнинг олдини олиш борасида олиб борилган  ишлар бўйича  маърузалар тингланди.

Маҳалла хотин-қизлари тадбиркорлик соҳасига оид, банклар томонидан берилаётган кредит турлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа вакилларидан атрофлича жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА