Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўз байрами кенг нишонланди.

Байрам тадбирида яхши ниятлар билан сумалак солиниб, ўқув юрти атрофига қора уйлар қурилди. Ҳар бир факультет ўзлари тайёрлаб келган миллий таомлари ва кийимлари, талаба ёшлар томонидан яратилган турли буюмлари билан иштирок этди.

Олий ўқув юрти олдидаги байрамона безатилган майдонда ўтказилган “Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” шиори остидаги тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев жамоани ва меҳмонларни Наврўз байрами билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган махсус қарор асосида жорий йилги умумхалқ байрам мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юксак савияда нишонланмоқда. Албатта, бунда теран маъно бор. Чунки, улуснинг улуғ куни – Наврўз байрами инсонлар ўртасида хайр-саховат муҳитини  мустаҳкамлаш, ёш авлодни асрлар давомида такомиллашган  дастурларимиз билан миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйини ҳар томонлома ривожлантириш, аҳолининг фаровон ва бахтли ҳаётини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, профессор-ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва етук мутахассисларни тайёрлаш ишлари янги босқичга кўтарилди.

Ўтган қисқа давр мобайнида Оролбўйида олий таълим муассасалари сони 10 тага етганлиги, ижарада яшаётган талабаларнинг ойлик ижара тўловининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилиши, магистратурада тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт суммасини давлат бюджетидан қоплаб бериш тартибининг жорий этилганлиги, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётгани, чекка ҳудудларда яшовчи ёшлар учун қатор имтиёзлар берилаётгани Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган ғамхўрлигининг яққол исботидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланиши ҳам ёшларнинг ойдин келажагини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлигини яна бир марта тасдиқлайди. Мана шундай юқори эътиборга жавоб тариқасида ўзларининг ютуқлари билан намуна бўлиб келаётган талаба ёшлар ғуруримиз ҳисобланади.

Университетда замонавий таълим ва илм сирларини теран эгаллаб, эркин фикр юритадиган, она юртига меҳр ва садоқат билан хизмат қиладиган янги авлодни тарбиялаш ишлари талаб даражасида олиб борилмоқда. Жорий ўқув йилининг ўзида университет талабалари ўртасида 3 нафари Президент стипендианти, 4 нафари Беруний номидаги, 8 нафари Алишер Навоий номидаги, 2 нафари Улуғбек номидаги, 1 нафари Ислом Каримов номидаги, 17 нафари Бердақ номидаги стипендия соҳиблари, 5 нафари жаҳон, 10 нафари Осиё ва 60 нафари мамлакатимиз чемпиони бўлди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг қарори асосида университетининг 3-босқич талабаси Ҳурлиман Ниетбаева ўзининг иқтидори ва намунали фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётгани, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётгани учун “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Байрам томошасида таниқли санъат усталари билан талаба ёшлар,  айниқса, бу ерда таҳсил олаётган турли миллат вакиллари ижросидаги куй-қўшиқларни йиғилганлар катта қизиқиш билан томоша қилди. Юксак натижаларни қўлга киритган спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, “Жайҳун” қувноқлар ва зукколар жамоаси аъзоларининг ҳазиллари барчада катта таассурот қолдирди.

Факультетлар ўртасида турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Кураш ва миллий ўйинлар бўйича мусобақалар ўтказилди.

Яшариш ва янгиланиш айёми Наврўзга бағишланган байрам сайли кун бўйи давом этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА