Ўзбекистон ва Афғонистон АКТ вазирликлари ўртасида меморандум имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Афғонистон коммуникация ва ахборот технологиялари вазири Шаҳзод Гул Арёби бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, юқори тезликдаги транзит алоқа каналларини ташкил қилиш, икки мамлакат тармоқ операторлари ўртасидаги халқаро телефон трафик сиғимини кенгайтириш, интернет тармоғига тезкор уланишни ташкил қилиш, АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш каби янги йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ушбу лойиҳалар нафақат алоқа соҳасида, балки бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликнинг кенгайишига хизмат қилади.

Музокараларнинг мантиқий давоми сифатида икки мамлакат ўртасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Стратегик ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжатдан кўзланган мақсад – икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, телекоммуникация, ахборот технологиялари ва почта хизматларини кўрсатишда тажриба алмашиш ҳамда ўзаро алоқаларни кенгайтиришдан иборат. Меморандумда, шунингдек, АКТ соҳасида техник ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Англашув меморандуми асосида томонлар ҳамкорликка оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиради, ўзаро дахлдор бўлган телекоммуникация ва алоқа тармоқлари ҳамда почта алоқаси инфратузилмасини мақбуллаштириш чораларини кўради. Хусусан, Марказий Осиёга Ўзбекистон орқали ўтадиган почта транзитининг фаолияти таъминланади.

Учрашувда томонлар АКТ соҳасининг турли йўналишларида рақобатдошликни ошириш, «электрон ҳукумат» йўналишида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

– Афғонистон Президентининг мамлакатимизга ташрифи чоғида АКТ соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ҳам келишувга эришилган эди. Мазкур келишув асосида Афғонистон АКТ вазири бошчилигидаги делегация билан соҳанинг турли йўналишларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, биринчи галда Афғонистон бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларни амалга ошириш, интернет транзитини ошириш масалаларини кўриб чиқдик, – дейди Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев. – Афғонистон томони ўз мутахассисларининг Ўзбекистонда билим ва тажриба оширишига қизиқиш билдирмоқда. Имзоланган меморандум доирасида афғонистонлик талабаларни Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетларида таълим олишини ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.

Музокаралар доирасида «Ўзбектелеком» АК ҳамда «Afghan Telecom Corporation» ўртасида Стратегик ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми имзоланди. Телекоммуникация соҳасининг иқтисодий ривожланишдаги ўрни ҳисобга олиниб, томонлар телекоммуникация йўналишида ўзаро хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

– «Йўл харитаси»га асосан вазирликларимиз телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олди. Биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, интернетга тезкор уланишни ташкил қилиш юзасидан янги имкониятларни излаймиз, – дейди «Afghan Telecom Corporation» бош директори Ажмал Аян. – Хусусан, томонлар ҳар иккала мамлакатдаги халқаро алоқа хизматларига эҳтиёжни ўрганиш, шунга кўра мақсадли равишда «Ўзбектелеком» ва «Afghan Telecom Corporation» компанияларининг телекоммуникация тармоқлари ўртасидаги ўзаро трафик ўтказувчанлигини ошириш юзасидан келишувга эришди.

 

ЎзА