Мамлакатимизда давом этаётган U-20 Осиё кубоги ярим финалида иштирок этадиган барча жамоалар номи маълум бўлди.

Кеча пойтахтимиздаги «Жар» стадионида ўтган чорак финалда Жанубий Корея Хитой терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, «Локомотив» стадионида Япония – Иордания қарама-қаршилигидаги ўйинда кунчиқар юрт вакиллари 2:0 ҳисобида ярим финал масаласини ҳал этди.

Энди 15 март куни «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Корея билан, Ироқ вакиллари Япония билан финал масаласини ҳал этади. Ушбу жуфтликларнинг омадли жамоалари 18 март куни «Бунёдкор» стадионида ўтадиган финал баҳсида рўбарў келишади.

Эътиборли жиҳати, кеча пойтахтимизда поёнига етган U-20 Осиё кубоги чорак финал ўйинлари натижасида жорий йил 20 май куни Индонезияда бошланиб 11 июнга қадар давом этадиган 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг барча иштирокчи жамоалари номи ҳам аниқланди.

Мазкур Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 31 мартга белгиланган бўлиб, кеча жамоалар саватчаларга тақсимланди. Ўзбекистон учинчи саватчадан жой олди.

Унга кўра, 1-саватдан Индонезия, Уругвай, АҚШ, Франция, Сенегал, Италия ёки Жанубий Корея (рейтинг очколари бўйича), 2-саватчадан Англия, Жанубий Корея ёки Италия (рейтинг очколари бўйича), Янги Зеландия, Бразилия, Колумбия, Эквадор, 3-саватчадан Ўзбекистон, Нигерия, Япония, Ироқ, Гондурас, Фижи, 4-саватчадан Гватемала, Доминикан Республикаси, Гамбия, Исроил, Словакия, Тунис жамоалари ўрин олди.

Эслатиб ўтамиз, U-20 Жаҳон чемпионатининг амалдаги ғолиби Украина терма жамоаси ҳисобланади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА