Хабар берганимиздек, шу кунларда Мўғулистонда хоккей бўйича ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионати баҳслари давом этмоқда.

Осиёнинг олтита давлатидан жамоалар иштирок этаётган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2-тур ўйинидан сўнг пешқадамга айланди.

Ортда қолган тур ўйинида вакилларимиз Эрон терма жамоасини 14:1 ҳисобида мағлуб этди. Шу тарзда 6 очко жамғаришга муваффақ бўлган ёш хоккейчиларимиз шайбалар нисбатига кўра, пешқадамлик қилмоқда.

Бугун, 13 март куни чемпионат низомига биноан мусобақада дам олиш куни этиб белгиланган.

Эртага, 14 март куни ўтказиладиган 3-турда ҳамюртларимиз чемпионатда 2-ўринда бораётган мўғулистонлик хоккейчиларга қарши баҳс олиб боради.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА