Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол депутати” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид Давлат дастурининг партия сайловолди дастурига тааллуқли бандлари ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари иш самарадорлигини ошириш, партиянинг сайловолди дастури ижросини таъминлашда барча даражадаги депутатлик корпуси салоҳиятидан фойдаланиш мақсадида ташкил этилган танловнинг Қоракалпоғистон Республикаси босқичи “Ташаббус ва ғояларимиз мустақил Ўзбекистон тараққиёти учун!” шиори остида ўтказилди.

Тадбирда Қоракалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қоракалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Х.Ешимбетов иштирокчиларни қутлади.

Маълумки, депутатлар турли соҳаларда фаолият юритувчи, тажрибали, фидойи, жамиятда ҳурмат қозонган ва обрў-эътиборга эга шахслар орасидан сайланади. Лекин улар депутатлик фаолиятини қандай олиб боришлари бўйича алоҳида ўқитилмайди, бу борада халқ ноиблари ҳаёт мактабида олган билимларига таянишади. Бундай кўрик-танловлар эса депутатларнинг ўзаро тажриба алмашиши, фаолият самарадорлигининг ошишида муҳим аҳамият касб этади. Кейинги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда. Бу борадаги ишлар, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг билим ва кўникмаси даражасини ошириш мақсадида семинар ва ўқувлар ташкил этишдан бошланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Иштирокчилар 3 та, яъни, аҳоли муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли, сиёсий ҳозиржавоблик ва эркин мавзу шартлари бўйича ўз билим ва тажрибаларини намойиш қилди.

Ҳакамлар ҳайъатининг баҳолаш натижаси бўйича 11-сонли “Ажинияз” сайлов округидан халқ депутатлари Тахтакўпир туман Кенгаши депутати Қабилбек Жалиев биринчи ўринни эгалади. 29-сонли “Дўстлик” сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорги Кенгеси депутати Сайёра Имамова иккинчи, 23-сонли “Қирққиз” сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорги Кенгеси депутати Айша Матниязова учинчи ўринни қўлга киритди.

Биринчи ўрин соҳиби Қабилбек Жалиев танловнинг республика босқичида иштирок этади.

Ғолиблар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА