Мамлакатимизда сифат инфратузилмасини халқаро тамойиллар асосида ривожлантириш ҳамда кўрсатилаётган метрологик хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан халқаро ва хорижий метрология муассасалари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бу борада ЕвроОсиё минтақаси давлат метрология муассасалари ҳамкорлиги (COOMET) билан олиб борилаётган ижобий ишларни мисол қилиш мумкин.

Бугун пойтахтимиздаги Ўзбекистон миллий метрология институтида “COOMET” техник қўмитасининг “Сифат форуми” мавзусида навбатдаги 34-йиғилиши ўтказилди. Гибрид шаклда бўлиб ўтган тадбирда хорижлик мутахассислар ва маҳаллий соҳа вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишда мазкур институтнинг эталонлар базаси намойиши, шунингдек, ўлчаш ва калибрлаш имкониятларини намойиш этиш орқали мамлакатимизнинг ўлчаш натижаларини халқаро даражада эътироф этиш масалалари кўриб чиқилди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ўтган йил институт ходимларидан 41 нафар мутахассис етакчи хорижий институтларнинг лабораторияларида, 126 нафар ходим эса ўлчаш йўналишлари бўйича миллий миқёсда ва 50 нафар соҳа хизматчилари давлат тилида иш юритиш масалалари бўйича малака оширган эдилар.

Ўткир Алимов, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА