Дунё давлатларининг юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотларга бўлган қизиқиши ортмоқда.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев «Artfood» компанияси раҳбарлари ва таъсисчилари билан учрашди. Учрашувда «Artfood» учун ўзбекистонлик экспортёрлар салоҳияти юқори ҳамкор эканлиги, мамлакатимиздан хурмо, узум, анор, гилос, анжир, нектарин импорт қилишга қизиқиши борлиги таъкидланди.

Шу ўринда айтиш мумкинки, «Artfood» корхонаси Россия бозорига экзотик мевалар олиб кирадиган энг йирик корхона ҳисобланади. Бундан ташқари, ўз боғларида резаворлар ҳам етиштиради. Асосий сегменти «премиум» даражасидаги маҳсулотлар бўлиб, чакана савдо билан шуғулланувчи бир қанча тармоқлар учун меваларни саралаб, қадоқлаб беришга ихтисослашган.

Ташриф давомида агентлик раҳбари «Artfood» корхонасининг саралаш, қадоқлаш цехлари билан танишиб, ўрнатилган ускуналар, уларнинг ишлаш тартиби ва жараёнлар ҳақида маълумотга эга бўлди.

Талабларга асосан Ўзбекистон учун қўлланма тайёрланиб, методик маълумотларни юбориш, электрон ҳужжат алмашинувини йўлга қўйиш ва ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этишга келишилди, дейилади Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотида.

«Artfood» компанияси ҳудудида хом мева ва резаворларнинг пишиши учун махсус камералар мавжуд бўлиб, маълум муддат маҳсулотлар мазкур камераларда сақланади.

Бироқ ўтган йилларда баъзи турдаги маҳсулотлар муддатидан олдин узилганлиги сабабли камераларда ҳам сақлаш учун яроқсиз кўринишда олиб келинганлиги айтиб ўтилган. Учрашувда бундай ҳолатларни бартараф этишда карантин хизмати кўмаклашиши сўралди.

Мазкур компания мамлакатимиз тадбиркорлари учун қулай шартларда ҳамкорлик  қилишга тайёрлигини маълум қилди.

А.РУСТАМОВ, ЎзА