Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Ирқини қабул қилди.

Учрашувда икки томонлама ривожланиб бораётган савдо-инвестициявий муносабатларни давлатларнинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб янги поғонага кўтариш, ишга солинмаган имкониятлардан унумли фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.

Муҳаммад Ирқи Жазоир Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган араб мамлакатларидан бири эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги турли соҳадаги алоқаларни, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди.

Мулоқот чоғида жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида икки мамлакат парламентлари «дўстлик гуруҳлари» ўртасида учрашув ташкил этишга келишиб олинди ва унда кўриб чиқилиши режалаштирилаётган масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.

ЎзА