Яқинда мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон маданий мероси ва туристик салоҳиятига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбирга Германия ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Willkommen in Berlin. Berliner Diplomatenclub beim Auswärtigen Amt e.V.” дипломатлар клуби аъзолари ҳамда германиялик собиқ дипломатлардан иборат клуб аъзолари таклиф этилди.

Мамлакатимизнинг Германиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов меҳмонлар учун немис-ўзбек меъморчилиги сирларини ўзида уйғунлаштирган муҳташам тарихий элчихона биноси бўйлаб экскурсия ўтказар экан, унда Германия ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамияти томонидан ҳимояга олинган Ўзбекистон элчихонаси биноси тарихи, ўзбек ва немис меъморлари ҳамкорлигида бино улуғворлиги сақлаб қолинган ҳолда қайта таъмирлангани тўғрисида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, тадбирда мамлакатимиз туризм салоҳиятини тарғиб этувчи “Ўзбекистон туризми ва маданий мероси. Янги Ўзбекистонни кашф этинг” мавзусида видеороликлар намойиш этилди ҳамда мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари, маданияти ва бошқа соҳаларига оид тарқатма материаллар тақдим этилди.

– Афсуски, Ўзбекистонда бўлмаганман, – деди Германия Ташқи ишлар вазирлиги Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё департаменти референти Урзула Брауманн. – Лекин мамлакатингизнинг ажойиб ва гўзал хилма-хил ландшафтга эга табиати, кўнгли очиқ ва меҳмондўст халқи, бой маданияти ва асрлар оша сақланиб келаётган ҳунармандчилик йўналишлари, жўшқин шарқона мусиқа ва рақс санъати хорижлик сайёҳларни ўзига ром этади. Бугунги тадбирда биз бунинг гувоҳи бўлдик, бу имконият учун ташкилотчиларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Шунингдек, тадбирда “Bibi Hanum” брендининг асосчиси Муҳайё Алиева меҳмонларга онлайн тарзда ўзбек миллий матолари, уларнинг тайёрланиш технологиялари ҳақида гапириб берди ва миллий услуб билан ҳамоҳанг тикилган “Bibi Hanum” бренди остидаги кийимлар коллекциялари билан таништирди.

– Касбим журналист ва фотограф. Мазкур тадбир туфайли Ўзбекистонни яқиндан таниш имкониятига эга бўлдим. Ўзбек маданиятининг ранг-баранглиги, тарихий ёдгорликлари, одамларига меҳрим тушди. Айниқса, “Bibi Hanum” бренди асосчисининг тақдимоти орқали ўзбек мода санъати мени ўзига манзур этди. Пруссия даври архитектураси ва ўзбек наққошлик ҳамда ёғоч ўймакорлигини ўзида мужассам этган элчихона биноси эса бизда катта таасурот қолдирди. Ўзбекистоннинг барча туризм салоҳияти ва имкониятлари, маданий мерослари ҳақида билиб олдик. Бу тадбирдан кейин Ўзбекистонга саёҳат қилишга қарор қилдим, – деди “Willkommen in Berlin. Berliner Diplomatenclub beim Auswärtigen Amt e.V.” клуби элчихоналар ва резиденциялар йўналиши раҳбари Оливия Никель:

Тадбир дастуридан ўрин олган миллий рақслар, мусиқа маданий кечага байрамона шукуҳ бағишлади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА