ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукусда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида “Соғлом танда – сифатли таълим” шиори остида “Касаба уюшмаси кубоги” спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Мусобақа Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда спортнинг мини-футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол турлари бўйича ўқитувчи ва мураббийлар ўзаро куч синашди. Беллашувлар Нукус шаҳридаги 2-спорт мактаби, Қорақалпоқ давлат университети, Нукус давлат педагогика институти, Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази иншоотларида бўлиб ўтди. Мусобақанинг қуйи босқичларида 15 мингдан зиёд таълим тизими ходими иштирок этди.
Спортнинг стол тенниси бўйича аёллар баҳсида Тахиатош туманидан Юлдуз Худойберганова биринчи, Нукус шаҳридан Гулхумор Сатимова иккинчи, Амударё туманидан Эътибор Бобожонова учинчи ўринни эгаллади. Эркаклар ўртасида Элликқалъа туманилик Ихтиёр Қурбонов юқори натижа кўрсатиб мусобақа ғолиби бўлди. Амударё туманидан Дониёр Йўлдошев иккинчи, мўйноқлик Нурлибой Қиличбоев учинчи ўринга сазовор бўлди.
Шахматчи аёллар ўртасида биринчи ўрин чимбойлик Гулсавир Бекмуратовага насиб этди. Хўжайли туманидан Гулноз Абдужамилова иккинчи, Қораўзак туманидан Жамила Ҳамидуллаева учинчи ўринни эгаллади. Эркаклар баҳсида эса тахиатошлик Рустам Қайпанов биринчи, Нукус шаҳридан Саломат Дилимбетов иккинчи, қўнғиротлик Баҳодир Тўраев учинчи ўринни забт этди.
Спортнинг шашка тури бўйича аёллар ўртасида биринчиликни Қўнғирот туманидан Дилфуза Ўрозбоева эгаллади. Қораўзаклик Алима Танирбергенова иккинчи, Нукус шаҳридан Гулжаҳон Мамутова учинчи ўринга сазовор бўлди. Эркаклар ўртасида биринчи ўрин қўнғиротлик Баҳодир Абдурайимовга насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринлар амударёлик Амин Эшимбетов ва чимбойлик Рустам Абдуғаниевга насиб этди.
Волейбол баҳсларида Нукус шаҳри жамоаси биринчи, Беруний тумани жамоаси иккинчи, Тахтакўпир тумани жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида нукуслик спортчилар мусобақа ғолиби бўлди. Уларга Касаба уюшмаси кубоги ҳамда 30 миллион сўм пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, мусобақа ғолиб ва совриндорлари ҳамда турли номинациялар бўйича ғолиб иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА