Сўнгги йилларда шаҳар ва туманларимизда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунда қишнинг қаҳратон совуғи, ёзнинг жазирама иссиғида, хуллас, қай мавсум бўлмасин, фидокорона меҳнат қилаётган ободонлаштириш бошқармаси ходимлари жонбозлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

– Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида ишчи-ходимларимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Аширхон Юсупов. – Шу билан бирга шартнома асосида қўшимча қурилиш-таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш ҳамда хизматлар кўрсатилди. Шунинг ҳисобидан келиб тушган маблағлар бошқарманинг машина-трактор паркини янгилаш, мавжудларини таъмирлаш, ишчи-ходимларни моддий рағбатлантириш, шу билан бирга кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатишга сарфланмоқда.

Бундан ташқари, шаҳар ҳудудидаги 4 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 14 та хонадоннинг кучли шамол оқибатида зарар кўрган том қисмлари тўлиқ тиклаб берилди. Шунингдек, 10 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 17 хонадонга ёрдам кўрсатилди. Кам таъминланган битта оилага уй-жой қуриб берилди.

Шаҳарнинг марказий кўчалари бўйларига, хиёбонларга ҳар йили экиладиган мавсумий гуллар ўрнига кўп йиллик гул кўчатларини экиш режалаштирилиб, бугунги кунга қадар 430 минг туп атиргул кўчати, А.Досназаров кўчасини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида 420 туп писсарди олхўри ҳамда турли 103 номдаги бута кўчати экилди. Экилган дарахт ва гул кўчатлари ходимлар томонидан агротехник талаблар асосида парваришланмоқда.

Жорий йилда 41,3 километр тупроқ йўлга қум-шағал қопламасини ётқизиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва экспертиза хулосаси олинмоқда. Бугунги кунда 12 километр йўлга қум-шағал қопламасини ётқизиш ишлари бажарилди. Шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори асосида 8 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 8,3 километр ички йўл асфальтланди.

Шаҳар ҳудудидаги кўчаларда тунги ёритиш тизимини босқичма-босқич такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бошқармага қарашли 24 минг 887 та тунги ёритиш чироғи ва 809 километр ёритиш тармоғи, 286 та ёритиш панели бўлиб, уларга 15 нафар таъмирловчи ходим хизмат кўрсатмоқда.

Бошқарма ходимлари бугунги кунда яқинда юз берган кучли ёмғир ва шамол оқибатларини бартараф этиш, шаҳарни ободонлаштириш, экилган дарахт ҳамда гул кўчатларини парваришлаш ишларида фаол қатнашмоқда. Уларнинг юрт равнақи, аҳоли фаровонлиги йўлидаги тинимсиз меҳнати ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири