“Нукус” умумқўшин полигонида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан маҳаллалардаги ёшлар етакчилари учун ўқув-услубий йиғин ўтказилди.

Ҳозирги кунда инсон онгини бошқаришга уриниш, тафаккурига ёт ғояларни сингдириш, ички хавфсизлик ва барқарорликни издан чиқаришга бўлаётган ҳаракатлар ҳар биримизни огоҳликка чорлайди. Бундай вазиятда, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод вакилларида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, улар билан тизимли ишларни ташкил этиш ўта муҳим масаладир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 12 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни манзилли ҳаётга кенг татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Мазкур тадбир ҳам айни шу масалаларга бағишланди. Унда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари жалб этилди. Ёшлар билан ишлашнинг янги тизими бўйича батафсил маълумот берилди.

Йиғинда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Тажибой Романов, куч тузилмалари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Ушбу йиғинда олинган билим ва тажриба келгусида маҳалла ёшлари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этишда, уларни ватанпарварлик ва юртга садоқат руҳида тарбиялашда дастуриламал бўлиши таъкидланди. Турли мавзуларда маърузалар тингланиб, ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этишнинг янги тизими ҳақида маълумот берилди.

Назарий машғулотларда юртимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ютуқлар эътироф этилди. “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатининг ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясидаги ўрни, маҳаллалардаги ёшларни бирлаштириш, улар муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал этиш, турли психологик тренинг машғулотларини ўтказиш, уларда лидерлик хусусиятларини шакллантириш, руҳий тушкунликни енгиб ўтиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Ҳарбий касбга қизиқиши баланд ёшлар билан маҳалладаги Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда “Мен ҳам ҳарбий бўламан!” мавзусида давра суҳбатлари ва маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш борасида тавсиялар берилди. Ўқув-услубий йиғиннинг амалий қисмида иштирокчилар учун ўқ отиш тайёргарлиги, яшовчанлик асослари, ҳарбий-тиббий тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш бўйича машғулотлар ўтказилди.

Йиғинда Қуролли Кучларимиз куч тузилмаларида фойдаланиладиган техника ва қурол-аслаҳалар намойиш ташкил этилди. Иштирокчиларга чўл шароитида бўлинмаларнинг яшовчанлигини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг касбий малака ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашда фойдаланиладиган ўқув объектлар таништирилди. Полигон ҳудудида жанговар тайёргарлик машғулотлари билан шуғулланиш учун бунёд этилган ўқув жойлари, жанговар шаҳарчалар ёшлар етакчиларида катта таассурот қолдирди.

Подполковник Тимур Нарзиев, 
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи